Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ҳокими Баҳодир Ғойибназаров “Тинчлик” маҳалласида истиқомат қилувчи темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудовнинг уруш йилларида асраб олган украиналик қизи — Ольга-Ҳолида хонадонига ташриф буюриб, ая ҳолидан хабар олди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
"Холида ая ҳазил-мутойибага жуда мойил экан. Ҳокимга қараб: “Шунча киши кўришга келади, лекин ҳеч ким битта қўй етаклаб келмайди, деб кулди", - дейилган хабарда.
Шунда ҳоким битта қўй олиб келишга ваъда берган.
Шунингдек, Холида ая Дўстлик боғида Шомаҳмудовлар оиласига ҳайкал ўрнатиш ишлари олиб борилаётганидан беҳад хурсандлигини айтди.
Уруш йилларида ҳарбий ҳаракатлар қуршовида қолган ҳудудлардан Ўзбекистонга кўчириб келинган минглаб болалар қаторида Тимонина Ольга Генадиевна ҳам бўлган экан. Ота-онаси – темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг аёли Баҳри Акрамова унга Холида исмини қўйганидан кейин ўз ихтиёри билан Холида ая мусулмон динини қабул қилган экан.






