1

Умид Аҳмаджонов Осиё велоспорт конфедерацияси Президенти билан учрашди

СПОРТ 11.05.2018, 16:38
Умид Аҳмаджонов Осиё велоспорт конфедерацияси Президенти билан учрашди

Бугун, 11 май куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Президенти Умид Аҳмаджонов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроилов Осиё велоспорт конфедерацияси Президенти Осама Аҳмад Абдулла ал Шафар билан учрашув ўтказишди, деб хабар бермоқда қўмита матбуот хизмати.

Тошкентга уюштирган ташрифи давомида жаноб ал Шафарга ташкилот Бош котиби Онкар Сингх, вице-президент Шайх Ҳолид бин Ҳамад ва молиячи Дато Амарйит Сингҳ Гиллар ҳамроҳлик қилишди.

Миллий олимпия қўмитасида бўлиб ўтган учрашувда томонлар 2019 йилда велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига тайёргарлик масалаларини муҳокама қилишди.

«2019 йилги Осиё чемпионати Ўзбекистонда ўтишидан хурсандмиз. Мазкур нуфузли мусобақани юқори савияда ўтказишимизга ишончингиз комил бўлсин. Бугунги кунда Ўзбекистонда Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда федерациялар яқиндан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Авваллари ушбу ташкилотлар тарқоқ ҳолда ишлашарди. Биз нафақат Осиё чемпионатини, балки келажакда жаҳон чемпионатини ҳам Ўзбекистонда ўтказишни истаймиз», – деди Умид Аҳмаджонов.


МОҚ раҳбари Умид Аҳмаджонов шунингдек, Тошкентда машҳур спортчи ва мураббийлар иштирокида мастер-класс ва семинарлар ўтказиш борасида ҳам Осиё велоспорт конфедерацияси Президентига мурожаат қилди.


Шунингдек томонлар ўзбек велоспортида янги инновацион технологияларни қўллаш, жумладан фотофинишларни жорий этишда ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар. Учрашув якунида Умид Аҳмаджонов анъанага мувофиқ Миллий олимпия қўмитаси номидан меҳмонларга эсдалик совғаларини тақдим этди.


Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1