Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 209-умумтаълим мактабида хизмат бурчини адо этиш чоғида мардларча ҳалок бўлган капитан Баҳром Жўраев шарафига бюст ўрнатилди, деб хабар қилади Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
Қаҳрамон таҳсил олган мактабда ташкил этилган тадбирга ҳалок бўлган офицернинг отаси Улуғбек Жўраев, унинг устозлари, хизматдошлари, курсантлар ва мактаб ўқувчилари таклиф этилди.
Ҳайкалнинг очилишида қаҳрамоннинг ёшлиги, ўсмирлиги, унинг орзу ва интилишлари, кўрсатган жасорати билан боғлиқ хотиралар ёдга олинди.
Баҳром Жўраев 1979 йилнинг 21 ноябрида Тошкент шаҳрида туғилган. Болалигидан Ватан ҳимоячиси бўлишни орзу қилган. Баҳромнинг бу орзуси уни Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти (ҳозирги Қуролли Кучлар академияси) сари етаклайди. Отасининг айтишича, оилада ёлғиз ўғил бўлган Баҳром учун курсантликнинг дастлабки йилида қатъий армия тартибларига кўникиш бироз қийин бўлган. Бироқ мақсад сари интилиш унинг бу синовлардан муваффақиятли ўтишига ёрдам берди. У намунали офицер бўлди. Билим юртини тугатгач, Баҳром бир неча йил давомида Шарқий ҳарбий округ ҳарбий қисмида хизмат қилди.
2005 йил 13 майда Андижон шаҳрида экстремистик кучлар томонидан уюштирилган фожиали ҳодисалар халқимиз иродасини яна бир бор жиддий синовдан ўтказди. Шу куни юртимизнинг капитан Баҳромов сингари фидойи ўғлонлари мустақиллигимиз ҳимояси, ҳамюртлармиз тинчлиги йўлида кўксини қалқон қилди.
– Баҳром билан билим юртида ўқиган кезлари дўстлашганмиз, – деб хотирлайди унинг дўсти подполковник Сарвар Мамаюсупов. – У ўша пайтда ҳам гуруҳимиз фахри бўлганди, энди эса, халқимиз қаҳрамонига айланди. У дўсти учун ҳатто жонини ҳам беришга тайёр ишончли йигит эди. Баҳром юртимизда тинчликни сақлаш йўлида энг азиз нарсасини қурбон қилиш эвазига ўзининг касбга садоқатини исботлади.
Ушбу воқеаларда мардлик ва жасорат кўрсатгани учун капитан Б. Жўраев вафотидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 23 майдаги фармонига мувофиқ давлат мукофоти, иккинчи даражали “Шон-Шараф” ордени билан тақдирланди.
Капитан Б. Жўраев бюсти очилишига бағишланган тантанали тадбирда қаҳрамоннинг отаси Улуғбек Жўраевга Мудофаа вазирлиги томонидан бир марталик пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Капитан Б.Жўраевнинг бюсти ушбу мактабда таҳсил олувчи навқирон авлод вакиллари учун Ватанимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлидаги қаҳрамонлик, мардлик ва жасурлик намунаси бўлиб хизмат қилади.
12.05.2018 06:44
Ҳалок бўлган офицер шарафига бюст ўрнатилди






