Кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда Марғилон шаҳридаги 1- Меҳрибонлик уйида содир бўлган жиноятлар ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда. Кимлардир бундай масканда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеаларни “эл оғзидан” эшитиб, ёқа ушламоқда. Хўш, аслида бу ерда нима бўлган эди? Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбири мазкур масалага ойдинлик киритди.
Тергов органи томонидан Марғилон шаҳридаги Меҳрибонлик уйининг собиқ директори К.Якубов ва 9 нафар ходимга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг бир неча моддаси билан жиноят иши судга юборилган. Мазкур жиноят ишини кўриш 2018 йил 18 апрелда бошланган, айни кунларда жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида суд жараёни давом этмоқда.
–Очиқ суд мажлиси холислик ва адолат мезонлари асосида ўтказилмоқда, – дейди жиноят ишлари бўйича вилоят судининг судьяси Раҳматжон Арапов. – Ҳозирда судланувчиларнинг кўрсатмалари эшитилмоқда. Кейинги жараёнда эса жабрланувчилар ва гувоҳлар эшитилади. Албатта, суд мазкур жиноят иши бўйича одилона ҳукмини чиқаради.
Тергов органи томонидан собиқ директор К.Якубовга нисбатан Жиноят Кодекси (ЖК)нинг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси (мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги), 115-моддаси (вояга етмаган шахснинг ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш), 127-моддаси (вояга етмаган шахсларни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб этиш) бўйича айб эълон қилинган.
Шунингдек, директор ўринбосари С.Усмонов, бош ҳисобчи А. Мўйдинова, ҳисобчи А.Саидкамалова, фельдшер И.Йўлдошев, тарбиячилар Х.Якубова, Р.Абдуфаттоев, Н.Солиева, энагалар Д. Жўрабоева, Х.Тўраевага нисбатан ҳам Жиноят Кодексининг турли моддалари билан айб эълон қилинган.
К. Якубов, С. Усмонов, И. Йўлдошев, Р. Абдуфаттоевларга нисбатан “қамоқ”, Х.Якубова, Н.Солиева, Д.Жўрабоева, Х.Тўраеваларга «уй қамоғи», А. Мўйдинова, А. Саидкамаловаларга «гаров» эҳтиёт чоралари қўлланган.
Бугун суд мажлиси давом эттирилиб, судланувчи К.Якубовнинг кўрсатмалари тингланди.
14.05.2018 12:49
Марғилондаги Меҳрибонлик уйининг собиқ директори ва ходимларига нисбатан жиноят суди давом этмоқда






