АсосийJamiyat

Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси миллий ассоциацияси ташкил этилди

'Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси миллий ассоциацияси ташкил этилди'ning rasmi

2018 йил 17 май куни Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида Агентлик тизимидаги нашриёт-матбаа ижодий уйлари директорлари ва ходимлари, китоб савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси миллий ассоциацияси ташкил этилди.

Миллий ассоциацияни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад китоб ва китоб маҳсулотларини нашр этиш ҳамда унинг савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ўрганиш, улар томонидан соҳага оид киритиладиган таклифларни умумлаштириш ва тегишли давлат органларига киритиш, китоб ва китоб маҳсулотларини нашр этиш ҳамда тарқатиш тизимини янада такомиллаштириш, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, бу жараёнларни кенг тарғиб қилиш, мамлакатда китоб нашри ва унинг савдосини мувофиқлаштириш, нашр ва савдо соҳасидаги мавжуд муаммоларни ўрганиш, уларни бартараф этишдир.

- Бугунги кунда республикамизда китоб ва китоб маҳсулотлари тарғиботини янада кенгроқ амалга ошириш, аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш, уларнинг китобга бўлган қизиқишларини янада орттириш мақсадида ҳукумат даражасида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, - дейди Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Л.Тангриев. – Бунга мисол сифатида 2018 йил 16 май куни Наманган вилояти Норин туманида мамлакатимиздаги илк Матбуот ва ахборот кутубхона марказининг очилганлигини келтириш мумкин. Бу марказни очишдан кўзланган асосий мақсад вилоятда фаолият юритувчи кутубхоналар, китоб дўконларига услубий ёрдам кўрсатишдир. Шунингдек, ноширлар ва китоб савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш учун Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси миллий ассоциациясини тузиш мақсадга мувофиқ.

Алоҳида таъкидлаш керакик, Ассоциация томонидан китоб савдосига ихтисослашган китоб дўконларига махсус гувоҳномалар берилиши жорий этилади. Гувоҳномага эга бўлган тадбиркорлар доимий равишда китоб савдоси, нашриёт фаолияти, чет эл китоб савдосидаги илғор тажрибалари билан таништирилади ва малакаси ошириб борилади.

Йиғилиш иштирокчилари томонидан Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси миллий ассоциацияси раислигига сайланган «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти директори Э.Абдураҳмонов Ассоциация томонидан юртимиздаги ҳар бир китоб дўконида бўлиши шарт бўлган адабиётлар рўйхати ишлаб чиқилиши зарурлигини таъкидлади.

Бундан ташқари таъсис йиғилишида ҳозирги кунда халқимиз, аввало, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш, жойларга, таълим муассасаларига ўз вақтида ва мақбул нархларда етказиш ҳамда жамиятимизда китоб мутолааси муҳим масала экани таъкидланди.

    Бошқа янгиликлар