1

Тошкент шаҳри ҳайдовчилари — энг кўп қоида бузувчилар рўйхатида биринчи ўринда

ЖАМИЯТ 18.05.2018, 17:23
Тошкент шаҳри ҳайдовчилари — энг кўп қоида бузувчилар рўйхатида биринчи ўринда

Тошкент вилоятидан ўтган халқаро аҳамиятга эга М39 “Олмаота-Бишкек-Тошкент-Термиз” автомобиль йўлида ўрнатилган қоидабузарликларни автоматик равишда аниқловчи фоторадарлар томонидан транспорт воситалари тезлиги устидан назорат кучайтирилиб, атрофда яшовчи аҳоли ва мактабга борувчи болаларнинг йўлни хавфсиз кесиб ўтишлари учун шароитлар яратилмоқда.

Мазкур фоторадарлар 2018 йилнинг 16 февраль кунидан расман ишга тушган эди. Бу белгиланган тезликни ошириш оқибатида содир бўлаётган ЙТҲларининг олдини олишга хизмат қилмоқда. 16 майга қадар ушбу мосламалар томонидан қарийб 51 мингдан ортиқ қоидабузарликлар аниқланди.

Содир этилган қоидабузарликларни вилоятлар кесимида таҳлил қилганда энг кўп Тошкент шаҳри ҳайдовчилари эканини кузатиш мумкин. Тошкент шаҳрига тегишли бўлган автомобиль эгалари томонидан 15 минг 796 ҳолатда белгиланган тезлик талабига риоя этмаслик қайд этилган. Иккинчи ва учинчи ўринни Тошкент вилояти ҳайдовчилари 8 минг 367, Самарқанд вилояти ҳайдовчилари 4 минг 335 кўрсаткич билан эгаллаган.

Шунингдек, Қашқадарё вилояти ҳайдовчилари 3 минг 283, Жиззах вилояти ҳайдовчилари 3 минг 51, Сирдарё вилояти ҳайдовчилари 2 минг 990, Сурхондарё вилояти 1 минг 620, Бухоро вилояти 1 минг 19, Хоразм вилояти ҳайдовчилари 607, Навоий вилояти ҳайдовчилари 603, Фарғона вилояти ҳайдовчилари 447, Қорақалпоғистон Республикаси ҳайдовчилари 433, Андижон вилояти ҳайдовчилари 358 ва Наманган вилояти ҳайдовчилари 314 тадан белгиланган тезликни ошириш қоидабузарлигини содир этган.

Улар ичида бир неча бор қоида бузган автомобиль эгалари ҳам бор. Масалан, "COBALT" русумли, давлат рақами 01 V 48? ХA бўлган автомашина 6 маротаба қоида бузган. Унинг эгасига нисбатан 3 миллион 100 минг 320 сўм миқдорида, давлат рақами 10 Q 93? HA бўлган "KIA KREDOS" русумли автомашина эгаси эса 5 маротаба белгиланган тезлик талабига амал қилмагани учун 2 миллион 928 минг 80 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Эътиборингизни қизиқ жиҳатга қаратамиз. М39 автомобиль йўлининг Сирдарё вилояти билан Тошкент шаҳри оралиғидаги Тошкент вилояти ҳудудидан ўтган йўл 54 километрни ташкил этади. Ҳайдовчилар ушбу масофани белгиланган тезликка амал қилган ҳолда ўртача 38 дақиқада босиб ўтиши мумкин. Агар соатига 100 км/с тезликда ҳаракатланса 33 дақиқада босиб ўтади. Кўриниб турибдики, қоидаларга амал қилмасдан бор йўғи 5 дақиқа ютиш мумкин.

Аммо 5 дақиқа вақтни ютаман, деб ҳайдовчилар қоидабузарликлар содир қилиб, ўзларини ва атрофдагиларга хавф туғдириши ҳамда қоида бузганлиги бўйича Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 1283-моддасининг тегишли бандларига асосан белгиланган тартибда жарима тўлашига, такроран содир этилаверса маълум бир вақтга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлишига сабаб бўлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1