Кеча, 18 май куни соат тахминан 17.30лар атрофида Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги «Ровот», «Гузар», «Боғ», «Сойбуйи», «Хонқўрган», «Янгишаҳар», «Янгийул», «Қозоқовул» ва «Булоқбоши» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида кучли ёғингарчилик оқибатида 543 хонадонни сув босди.
Кучли жаладан кўп миқдорда сув йиғилиши оқибатида ирригация тизимлари чорасиз қолган ва натижада пастликларда жойлашган аҳоли масканларида сув тўпланган. Ижтимоий аҳамиятга эга объектлар зарар кўрмаган. Сув босган ҳудудлардаги одамларни эвакуация қилишга ҳожат бўлмаган.
Косонсой тумани ҳокимлигида ҳоким бошқарувида тезкор штаб тузилиб, ҳодиса оқибатларини бартараф этиш юзасидан жами 42 дона техника ва 240 нафар киши жалб этилган.
ФВВ матбуот хизмати хабарига кўра, қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ.






