1

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари шартнома пулининг бир қисми тўлаб берилади

ЖАМИЯТ 24.05.2018, 11:30
Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари шартнома пулининг бир қисми тўлаб берилади

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида таҳсил олаётган талабалар шартнома пулининг бир қисмини тўлаб беради.

Таълим муассасаси раҳбари С.Бобохўжаевнинг айтишича, бугунги кунда мамлакатимиз ахборот технологиялар бозорининг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжи юқори бўлгани боис, муассаса ўз талабаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни амалга ошириб, уларнинг таълим олиши билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун қўшимча маблағларни жалб қилмоқда.

2017-2018 ўқув йилида Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида таълим пули “Компьютер ва дастурий инжиниринг” йўналишида 21,05 миллион сўм, “Логистика” йўналишида 22,1 миллион сўмни ташкил этди. Ўз-ўзидан маълумки, янги ўқув йилида шартнома пули яна оширилади ҳамда “Компьютер ва дастурий ижиниринг” йўналишида 28,5 миллион сўм, “Логистика” йўналишида 30 миллион сўмни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан мингдан ортиқ иккинчи, учинчи ва тўртинчи босқич талабалари таълим пулини эски нархда тўлайди, белгиланган янги нархларнинг ошган миқдорини вазирлик қоплайди.

Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ахборот технологиялари бўйича маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш тизимини ислоҳ қилишга оид дастури доирасида қабул қилинди. Дастур ахборот технологиялари соҳаси учун мактаб ёшидан олий таълим олишгача бўлган вақтда кадрларни тайёрлаш бўйича ягона тизимни яратишни назарда тутади. Бу борада Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилди. Математика, физика, информатика ва хорижий тилларни чуқур ўқитиш ҳамда ўқувчиларда дастурлаш, маълумотлар базаси ва ахборот хавфсизлигини яратиш кўникмаларини шакллантириш мактабнинг асосий вазифалари этиб белгиланган.

Шунингдек, ўрта махсус таълими сифатини янада яхшилаш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда саккизта касб-ҳунар коллежлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда ушбу таълим муассасалари учун зарур ўқув дастурлари ва бу ерда тайёрланадиган мутахассисларга бўлган талаблар кўриб чиқилмоқда.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида янги ўқув йилидан бошлаб таълим кредити тизимининг жорий этилиши мамлакатимиз ахборот-технологиялари соҳасида таълимни ривожлантиришда янги қадам бўлади. Бунда талабаларнинг ўзи фанларни танлаш имконига эга бўлади.

ЎзА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1