1

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилади

ЖАМИЯТ 25.05.2018, 08:25
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилади

Президент “Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Жаҳон ахборот макони глобаллашувининг кучайиши оммавий ахборот воситалари соҳасида дунёда содир бўлаётган воқеаларга тез ва мос равишда муносабат билдириш, Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик қайта ўзгаришлар ҳақида республика аҳолисини, дунё ҳамжамиятини ўз вақтида ва холисона хабардор қилиш тизимини такомиллаштириш масаласи энг долзарб вазифалардан бирига айланиб бормоқда.

Оммавий ахборот воситаларининг ривожланиши, давлат ва нодавлат даврий босма нашрлар, телерадиостудиялар, таҳририят-матбаа комплексларининг миқдор ва сифат жиҳатидан ўсиши, фуқаролик жамияти институтлари, реклама агентликлари, ахборот хизматлари, медиа коммуникация, интернет журналистикасининг шаклланиши рақобатбардош, янгича шарт-шароитларда ишлай оладиган журналист кадрларни тайёрлаш заруратини тақозо этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети (кейинги ўринларда Университет деб юритилади) ташкил этилади.

Университет оммавий ахборот воситалари соҳаси учун журналист кадрлар, шу жумладан, юқори малакали, бир неча хорижий тилларни мукаммал биладиган халқаро журналистлар ҳамда илмий-педагог кадрларни тайёрлаш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, республикада медиатаълим тизимини яратиш, соҳа ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, мазкур йўналишларда илмий ва ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида “Журналистика (фаолият турлари бўйича)” таълим йўналиши ва унинг негизидаги магистратура мутахассисликлари, шу жумладан, “Олий журналистика курслари” бўйича қабул тўхтатилади ҳамда ушбу таълим йўналиши ва унинг негизидаги тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича таълим олаётган талабалар ўқишни битиргунларига қадар мазкур олий таълим муассасаларида ўқишини давом эттирадилар.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1