1

Фирибгарлар телефонини сотиш учун эълон берган шахсни чув туширмоқчи бўлишди

ЖИНОЯТ 29.05.2018, 22:05
 Фирибгарлар телефонини сотиш учун эълон берган шахсни чув туширмоқчи бўлишди

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Мирзакалон Исмоилий маҳалласида сайёр суд йиғилиши ўтказилди, деб ёзади ЎзА.

Унда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман суди судьяси Фаррух Тўрахўжаев раислигида ўзгалар мулкини фирибгарлик билан талон-тарож қилишни мақсад қилган А.Д. ва И.Н. қилмиши маҳалла фуқаролари иштирокида кўриб чиқилди.

А.Д. муқаддам судланиб, 1 йил ахлоқ тузатиш ишига жалб қилинган эди. Бироқ, ўз қилмиши ва тайинланган жазодан тўғри хулоса чиқармади. Яна жиноятга қўл урди.

У ҳамтовоғи И.Н. билан жиноий тил бириктирган ҳолда, фуқаро М.С.га тегишли “Iphone 8+” русумли телефон аппаратини 7 миллион сўм эвазига сотиб олишини айтади. Сўнгра олдиндан тайёрланган, фақат устки қисмлари 5 минг сўмлик, орасида эса 200 сўмлик купюралар бўлган пул ўрамлари, жами 370 минг 800 сўмни бериб, жабрланувчининг телефонини қўлга киритиб, ҳодиса жойидан ғойиб бўлади.

Қинғир йўл билан пул топишга ўрганган фирибгарлар “OLX.UZ” сайтида телефонини сотиш учун эълон берган Д.Г.ни ҳам чув туширмоқчи бўлади. Фирибгарлар телефон нархини 850 АҚШ долларига келишиб олади. ИИБ ходимлари тафтиш ўтказиш вақтида, улар қўлга олинди.

Сайёр судда улар қилган ишидан пушаймонлигини, жабрланувчига етказилган зарарни тўлиқ қопланганини билдириб, енгиллик беришни сўради. Жабрланувчи М.С. зарар тўлиқ қопланганини, судланувчиларга даъвоси йўқлигини, Д.Г. унга зарар етмагани, судланувчиларга нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилди.

Суд далиллар ва гувоҳлар фикрини ўрганиб, А.Д.га Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил, И.Н.га эса худди шу тартибда 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1