АсосийJamiyat

Сув тақчиллиги 3-4 йилда такрорланмоқда

'Сув тақчиллиги 3-4 йилда такрорланмоқда'ning rasmi

Мамлакатимизга оқиб келаётган сув ресурсларининг 80 фоиздан ортиғи Қирғистон ва Тожикистондаги қорлар ва музликлар ҳисобидан шаклланади. Уларнинг сув ресурсларини ўзбошимчалик билан, бир томонлама бошқариши оқибатида сунъий сув танқислиги кузатилаётгани вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.

Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев бундай вазиятда кўрилаётган чоралар ҳақида ЎзАга маълум қилди.

— Дунёнинг кўпгина қисмида, қолаверса, юртимизда ҳам сувга бўлган талаб ортиб бормоқда. Шунга яраша унинг тақчиллиги ҳам йил сайин ошиб бормоқда. Мисол учун, 2000 йилгача кам сувли мавсум ҳар 6-8 йилда бир марта кузатилган бўлса, кейинги йилларда бу жараён ҳар 3-4 йилда такрорланмоқда.

Бундан керакли хулоса чиқарган ҳолда юртимизда сув ресурсларидан тежамли ва самарали фойдаланиш асосида суғориладиган майдонлардан олинадиган ҳосил миқдорини ошириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, сифатини яхшилаш ҳамда ички бозорни тўлдириш орқали аҳоли турмушини янада яхшилаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, бугунги кунда сув ресурсларидан фойдаланиш 80 - йилларга нисбатан 20 фоизга камайди. 1 гектар суғориладиган майдонга 90 - йилларда 18 минг метр куб ишлатилган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 40 фоизга камайди. Бундай самарадорликнинг бош омили эса жойларда сув тежовчи технологияларнинг кенг қўлланилиши.

Келгусида ҳам истеъмолчиларга ўз вақтида кафолатли сув етказиб бериш, суғориш тармоқларидаги техник йўқолишларнинг олдини олиш борасидаги изланишлар давом эттирилади.

    Бошқа янгиликлар