1

Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар кўриб чиқилди

ИҚТИСОДИЁТ 01.06.2018, 10:23
Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар кўриб чиқилди

Жорий йилнинг 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ахборот хизмати хабар берди.

Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилги ҳамда 2018 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқдилар.

Мажлисда валюта сиёсатини либераллаштириш ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, унинг экспорт салоҳиятини ошириш, замонавий технологияларга асосланган ишлаб чиқаришларни яратиш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга хизмат қилаётганлиги таъкидланиб, буларнинг натижасида 2017 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 5,3 фоиз, саноат ишлаб чиқариш ҳажми – 7,0 фоиз, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги – 2,0 фоиз, хизматлар – 8,9 фоиз ҳамда қурилиш – 5,6 фоизга ўсиши таъминланганлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, тушумлар барқарорлигига эришилганлиги ҳамда бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш орқали Давлат бюджети 337,3 млрд. сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилган.

Чунончи, ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджети харажатларининг 55,2 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Ижтимоий харажатларнинг 58,7 фоизи таълим тизимини сақлаш ва ривожлантиришга ҳамда 26,9 фоизи соғлиқни сақлаш соҳаси харажатларига сарфланганлиги мамлакатда инсон капиталини ўстиришга ва аҳоли саломатлигини таъминлашга бўлган эътибордан далолат эканлиги алоҳида таъкидланди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиш давомида депутатлар Давлат бюджети даромадларининг шаклланиши ва ҳаражатларининг сарфланиши ҳолатини таҳлил қилдилар.

Депутатлар Парламент аъзолари томонидан жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш ҳамда назорат-таҳлил фаолиятини амалга ошириш жараёнларида Давлат бюджети маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, худудларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш борасида ҳали ечимини кутаётган масалалар борлигига эътибор қаратиб, жорий йилнинг биринчи чорагида маҳаллий бюджетлар даромадига 874,0 млрд. сўм қўшимча тушган маблағларни айнан шу масалаларни ҳал этишга йўналтириш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклифни илгари сурдилар.

Мажлис якунларига кўра Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилдаги ҳамда 2018 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1