Атроф муҳитнинг ифлосланиши оқибатида келиб чиқадиган касалликлар туфайли ҳар йили сайёрамизда камида 5 ярим миллион киши вафот этади. 2050 йилда бу рақам 6 миллион кишидан ортиб кетиши айтилмоқда.
Шундан тенг ярми Ҳиндистон ва Хитой ҳиссасига тўғри келади. Ифлос ҳаво оқибатида 2013 йилда Хитойда 1 миллион 600 минг, Ҳиндистонда бир ярим миллионга яқин, АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатларида 300 мингга яқин киши вафот этгани айтилади. АҚШнинг кўплаб минтақаларида транспорт ва электростанциялардан чиқаётган тутунлар ҳавони ифлослантиради. Бу, ўз навбатида, мамлакатда қайд қилинадиган ўлимларнинг 20 фоизига сабаб бўлади. Шарқий Америка, Европа, Шарқий Осиёда қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган заҳарли моддалар ҳавони ифлослантирар ва ўлимларнинг 40 фоизига сабаб бўлар экан.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Онкологик касалликларни ўрганиш Халқаро агентлиги (IARC) эълон қилган Ҳисоботда ҳавонинг ифлосланиши саратон касаллигининг асосий сабабчиси экани айтилади. Жаҳонинг кўплаб мамлакатларида ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ вазиятга маймунлар йиғлайди. “Сайёрамиздаги ҳаво барча инсонларга тегишли эканлигини англаб етадиган пайт етиб келди. Биз ҳавонинг тозалиги учун масъулиятни англаб етишимиз керак”, дейди Онкологик касалликларни ўрганиш Халқаро агентлиги вакили Дана Лумис.

Ҳавонинг ифлосланиши оқибатида юз берадиган ўлимларнинг 50 фоизига кўмир сабаб бўлар экан. Шу сабабли кўплаб мутахассислар кўмирдан кўра табиий газдан фойдаланишга ўтиш вақти келганини айтишади.

Мавжуд муаммо борасида тадқиқот ўтказган АҚШнинг Бостон шаҳридаги Health Effects Institutes компаниияси мутахассислари ўз хулосаларини эълон қилишди. Американинг Йельск университети олимлари эса сунъий йўлдошлардан олинган суратлар орқали ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ жаҳон харитасини яратишди. Унда бугунги кунда Деҳли ва Пекиндаги ҳавонинг ифлосланиши белгиланган меъёрдан 8-10 баробар юқори экани тан олинади. Пекин дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлардан бири сифатида қайд қилинган. Бунинг сабаби шаҳарда автомобиллар сонининг кўплиги ва қўшни Хэбэй ва Хэнандаги заводлардан заҳарли тутунларнинг чиқиши экани айтилади.

Мутахассисларнинг фикрича, сўнгги 50 йил мобайнида ҳавонинг ифлосланишини олдини олиш борасида Шимолий Америка, Ғарбий Европа ва Японияда бир қатор ютуқлар қўлга киритилди. Бунинг учун мазкур минтақаларда ҳавони ифлослантирмайдиган ёқилғи ва двигателлардан кенг фойдаланиш йўлга қўйилди, кўмир истеъмоли камайтирилмоқда.
Маълумки, ҳавонинг ифлосланишининг асосий манбалари сифатида электростанциялар, заводлар, автомобиллардан чиқаётган газлар кўрилади. Кўмир ва ўтинлардан чиққан тутунлар ҳам узоқ муддат ҳавода ушлаб қолинади. Бу ҳам инсон саломатлиги учун катта хавф сифатида кўрилади.
Канададаги Ванкувер университетининг жамоат соғлиқни сақлаш факультети ўқитувчиси Майкл Бранернинг сўзларига қараганда, ҳавонинг ифлосланиши жаҳондаги ўлим сабаблари рўйхатида тўртинчи ўринда туради. Аммо америкалик олимларнинг айтишича, ҳавонинг ифлосланиши оқибатида юз берадиган касалликлар туфайли қайд қилинадиган ўлимлар жаҳонда иккинчи ўринда туради. Биринчи ўринда тамаки чекиш орқали келиб чиқадиган касалликлар оқибатида юз берадиган ўлим туради. Ҳар йили тамаки 6 миллион кишининг ўлимига сабаб бўлиши бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабли ҳам ҳавонинг ифлосланишини олдини олиш инсонлар саломатлиги йўлида амалга ошириладиган эзгу ишларнинг биридир.

Бугунги кунда экологияни соф ҳолда сақлаш мақсадида дунё бўйлаб заҳарли газларнинг ҳавога чиқаришни камайтириш борасида бир қатор режалар ишлаб чиқилган. Мутахассисларнинг фикрича, агар ҳавога заҳарли моддаларнинг чиқиши камайтирилмайдиган бўлса, у ҳолда яқин келажакда ҳавонинг ифлосланиши оқибатида юз берадиган ўлимлар сони ортиб бораверади.
Чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар бугунги кунда глобал масалалардан бирига айланиб бормоқда, десак янглишмаган бўламиз. Тарихдан хулоса чиқарадиган бўлсак, чиқиндилар нафақат гигиена ва саломатлик масаласида, балки шаҳарсозлик, ҳатто халқаро алоқаларда ҳам муҳим ўрин тутганига гувоҳ бўламиз.

Шу ўринда ҳар биримиз, кўчаларда шох-шаббаларни ёқишдан аввал, ўйлаб кўрайлик. Қилаётган ишимиз билан табиатга зиён етказиб қўймаяпмизми? Олов ёқиш билан ҳавони ифлослантирмаяпмизми? Ўз соғлиғимизга ўзимиз сабаб бўлмаяпмизми?
Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА






