1

Ҳамширани мусулмонлик сари бошлаган бемор қиссаси

МУТОЛАА 06.06.2018, 11:15
Ҳамширани мусулмонлик сари бошлаган бемор қиссаси

Исмим Касие. Ёшим 23 да. Малакали ҳамшираман. Меҳнат фаолиятимни оила ҳамшираси сифатида бошлаганман.

Биринчи беморим 80 ёшлардаги инглиз бўлиб, алтшаймер хасталиги билан оғрирди. Учрашувимизнинг илк лаҳзаларидаёқ билдимки, бу инглиз мусулмонликни қабул қилган экан.

Даволаш курсини бошларканман, унинг эътиқодига зид бўлмаган даво усулларини қўллашга ҳаракат қилардим. Оила ҳамшираси сифатида унинг таомланишига ҳам масъул эдим ва шахсан ўзим ҳалол гўшт маҳсулотларини олиб келардим. Баъзи озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида алкогол ва чўчқа желатини бўлгани сабабли харид чоғида буни ҳам эътибордан қочирмасдим. Мен ўз беморим ҳурматидан Исломни кичик тадқиқот орқали ўргандим. Таомни ҳозирларканман, ҳар сафар беморимни «барчаси мусулмонча» эканидан бохабар қилардим.

Беморим хасталикнинг энг оғир даражасини бошдан кечираётган эди. Шу сабабли аксар ҳамкасбларим менинг «тақдири маълум» бу бемор учун бундай елиб-югуришимга ҳайронликларини айтишарди. Мен бу кекса ғайридинда ўзим тушунмаган қандайдир сабаб топиб уни ҳурмат қила бошлаган эдим.

Бир неча ҳафтадан сўнг беморим танасини ҳаракатлантира бошлади. У куннинг муайян вақтларида қандайдир ҳаракатлар бажараётганини пайқадим, бора-бора бу ҳаракатлар бир хилда такрорланаётганининг гувоҳи бўлдим. У ҳаракат чоғида менга нотаниш тилда сўзлар эди, гоҳ қўлларини юқорига кўтарар, гоҳ ўтирар, гоҳ бошини полга берарди. Тушунмасамда, бунга қизиқиш уйғонди.

Биз билан яна бошқа ғалати ҳодисалар ҳам бўлиб турарди. Масалан уни чап қўлим билан овқатлантиришимга рухсат бермас эди. Чапақай бўлганим сабабли, бу менда қийинчилик уйғотарди.

Кунларнинг бирида ҳамкасбларимдан бири «Палталк» номли Исломий суҳбатлар ва баҳслар ўтказиладиган жой ҳақида айтиб қолди. Шу вақтга қадар беморим мен таниган ягона мусулмон бўлгани учун, табиийки менда бошқа мусулмонлар билан танишиш истаги туғилди.

Суҳбатларга қатнай бошладим. Саволларимга жавоб оларканман, ҳайратим ва бу динга қизиқишим тобора ортиб борарди.

Беморимни янада кўпроқ қизиқиш билан кузата бошладим. Алтшаймер туфайли у хотирасидан айрилаётганди. Ҳатто болалари билан боғлиқ хотираларни базўр эслайдиган бу инсон ўзига бегона тилдаги оятлар ва ибодат вақтларини бирор марта ҳам унутмади. Сабаби нима?

Дастлаб Исломга фақатгина бемор ҳолатига индивидуал ёндашувчи, малакали мутахассисликка даъвогар ҳамшира сифатида қизиққан бўлсам, эндиги ёндашувим тамомила бошқа эди.

Суҳбатларнинг бирида қўлимга Қуръоннинг инглиз тилидаги таржимасини тутқазишди. Асаларилар ҳақидаги сура экан. Уйга келиб қайта-қайта ўқидим. Қуръоннинг аудио вариантини iPod’имга сақлаб олдим ва ҳар куни уни беморим билан бирга тинглайдиган бўлдик. Ҳар сафар тинглаганимизда беморим жилмаяр ва йиғларди.

Мушоҳада қилсам, доим касбий профессионалликка интилганман, аммо ҳеч қачон ўз ҳаётимга тубдан назар солмаган эканман. Отамни эслай олмайман, онам 3 яшар вақтимда вафот этган. Акам ва мен бувимнинг қўлларида тарбия топганмиз. 4 йил олдин бувим ҳам оламдан ўтди.

Барча йўқотишларга қарамай тақдиримдан мамнун эдим. Аммо беморим билан танишгач, аслида йўқотганим мутлақо бошқа нарса бўлганини англадим.

Суҳбатларнинг яна бирида қўлимга яшаш жойимга яқин манзиллардаги масжидлар рўйхатини беришди. Қўлимда рўйхатни тутган ҳолимда кўз ёшларим назоратсиз қуйилиб келаётган онларни ҳеч қачон унутмасам керак.

Масжидга бордим. Имом ва унинг аёли жуда олийжаноб инсонлар экан.

Кунларнинг бирида имом мендан сўради:

– Сизни Исломни қабул қилишдан нима тўхтатиб турибди?

Менда жавоб йўқ эди. Шифохонага қайтдим ва беморим кўзларига тикилдим. Тушундимки, у ҳаётимга нусрат бўлиб келган, у мен учун Исломга олиб борадиган сўқмоқ экан.

Масжидга шошилдим ва имомга:

– Шаҳодат калимасини айтсам майлими, – дедим! Шу онда қалбимга хотиржамлик кириб ўрашганини яққол ҳис этдим.

Ҳаётимдаги бу буюк ўзгаришнинг хушхабарини биринчи бўлиб акамга эмас, беморимга етказдим. Унинг ёнига чўкдим ва маҳкам қучоқлаб олдим. Иккимиз ҳам йиғлар эдик. Ўз отамни ҳеч қачон кўрмаганман. Гўё ана шу ҳеч қачон дийдорини кўрмаганим отам мана шу кекса мусулмон эди.

Акамга қўнғироқ қилдим, айтдим. Янгиликдан мамнун бўлмаганини, аммо мени қўллаб-қувватлашини айтди.

Шу ҳафта ичида беморим уйқудан қайтиб турмади. Уни бағримга босиб узоқ йиғладим. Ҳамкасбларим эса аҳволимни ҳайрат билан томоша қилар эдилар.

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиуън...

Инглиз тилида Камола АБУЛҚОСИМ таржимаси.

"azon.uz"дан олинди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1