АсосийJamiyat

Фарғонада жанубий кореялик шифокорлар бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказди

'Фарғонада жанубий кореялик шифокорлар бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказди 'ning rasmi

Жанубий Кореянинг Ёнсей университети “Severance” госпитали шифокорлари Фарғона вилоятида бемор болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини янада яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга жамоат ташкилотлари, жумладан, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамда Корея Республикасининг Ёнсей университети “Severance” госпитали ўртасида тузилган ҳамкорлик келишувига асосан Фарғона вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида кореялик мутахассислар Тошкент педиатрия тиббиёт институти шифокорлари билан 400 нафарга яқин туғма нуқсонлар, куйиш ва турли операциялар асоратларидан азият чекаётган бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказди.

Кам таъминланган оилалар фарзандлари, “Мурувват уйи” тарбияланувчилари ҳамда жиддий нуқсонли 35 нафар бемор бола операция қилинди ва соғлом ҳаётга қайтарилди.

– Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат томонидан аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлашга доимий эътибор қаратилаётгани таҳсинга лойиқ, – дейди жанубий кореялик шифокор Парк Бёнг Юн. – Биз бир неча йилдан буён ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз. Инсон саломатлиги йўлида амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар албатта ўзининг юксак самараларини беради.

Тиббий кўрик давомида хорижлик шифокорлар томонидан зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.

    Бошқа янгиликлар