АсосийJamiyat

Навоийда 5 нафар юртдошимиз Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди

'Навоийда 5 нафар юртдошимиз Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди'ning rasmi

Президентимиз фармонига мувофиқ, Навоий вилоятида яшовчи 5 нафар юртдошимиз Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди, деб хабар берди ЎзА.

Навоий шаҳрида истиқомат қилаётган Тоҳир Тошоев 1962 йили Тожикистон Республикаси Ёвон туманида туғилган. 25 йилдан буён Навоийда яшаб, "Навоийазот" акциядорлик жамиятида ишлаб келмоқда.

– Бугун ҳаётимда унутилмас кун бўлиб қолади, – дейди Тоҳир ака. – Чунки, Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиндим. Бунинг учун Президентимиздан миннатдорман. Фуқаролигим йўқлиги сабаб бир қатор ҳуқуқлардан маҳрум эдим. Мана энди орзуларим ушалди.

“Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасига қарашли 2-гидрометаллургия заводи ишчиси, зарафшонлик Камолиддин Маматқулов ҳам юксак бағрикенгликдан баҳраманд бўлди.

– Қанчалар бахтиёр эканимни сўз билан ифодалаш қийин, – дейди К.Маматқулов. – Бу ҳис-ҳаяжонларга бой дамларни 22 йил кутдим. Андижон вилояти, Пахтаобод туманида туғилганман, 5 нафар фарзандим бор. Паспорт– ғурур-ифтихор рамзи, мен узоқ йиллар мана шу ғурурдан бебаҳра яшадим. Энди бари бошқача – қўлимда кўзни яшнатувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси эканимни тасдиқловчи ҳужжат бор. У менинг ғурурим, ифтихоримдир. Бунинг учун давлатимиз раҳбарига беҳад миннатдорлик билдираман.

Тадбирда Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов сўзга чиқди.

    Бошқа янгиликлар