АсосийShou-biznes

Озодбек Назарбеков: “Биринчи Президентимиздан эшитган саволим бир умр ёдимда қолади...”

'Озодбек Назарбеков: “Биринчи Президентимиздан эшитган саволим бир умр ёдимда қолади...”'ning rasmi

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов билан илк учрашув ва суҳбати ҳақида гапирди...

Озодбек Назарбеков: — Бундан ўн йил муқаддам Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабулига киришга муяссар бўлдим. Юрагимда қандайдир ширин ҳаяжон ҳукмрон эди. Эшитажак ҳар бир сўзим хотирамда бир умрга муҳрланиб қолишига ишонардим.

Юртбошимиз менга бироз маъноли нигоҳ билан тикилиб турдилар-да, ўйчан қиёфада бундай савол бердилар:

– Озодбек, сен яхши санъаткорсан. Менга бир нарса қизиқ, ҳар гал саҳнада қўшиқ куйлаганингда, мухлисларинг билан кўришганингда уларнинг кўзларида нималарни кўрасан?

Бир муддат жим қолдим. Бу, бир қарашда оддий туюлса-да, ўта теран ва ўткир маъноли савол эди. Ўшанда саволга бир амаллаб жавоб берган бўлсам-да, бу ҳақда кейинчалик чуқурроқ мушоҳада қилдим. Авваллари мухлислар билан унчалик яқин алоқада бўлолмаганим, балки уларнинг салобати босиб, кўзларида акс этган маъноларни борича илғай олмаганимни англаб етдим. Саволга тўкис жавоб излаш асносида мухлислар билан янада яқинроқ бўлиш, уларнинг чин сирдошига айланишга уриндим. Уларнинг кўзларида эртанги куним, нималарга улгурдиму яна нималар қилишим лозимлиги, аслида қандай ижод қилиш кераклигини кўра бошладим. Бу нигоҳлар мени бирданига улғайтириб қўйгандек, ҳар маҳал тўғри йўлни кўрсатувчи шамчироқлардек эди.

Чиндан ҳам, орадан бир неча йиллар ўтган бўлса-да, ҳар гал мухлислaр билан юзма-юз бўлганимда беихтиёр Юртбошимиз берган ўша сaвол қулоғим остида жаранглагандек бўлади. Мухлислар нигоҳи ва ўша савол менга тоғдек куч бағишлаб, олға юришга, она Ватанга бутун вужудим билан хизмат қилишга, юртимиз мадҳини баландроқ пардаларда, каттароқ саҳналарда – бутун дунёга тараннум этишга ундайверади.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар