Жиззах вилояти Фориш тумани ҳокимлиги, прокуратураси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлими ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида 44 корхона-ташкилот ва муассаса 123 бўш иш ўрни билан иштирок этди.
Ярмаркада қатнашган 126 нафар ишга талабгор фуқаронинг 98 нафари касб-ҳунар коллежини битирган ёшлардир. 66 нафар фуқарога ўзлари танлаган касб ва мутахассислик бўйича тумандаги корхона-ташкилот ва муассасага ишга йўлланма берилди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ 50 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди.
– Давлатимиз томонидан чекка ҳудудларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли туманимизда йирик ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилиб, иш ўринлари яратилмоқда, – дейди туман бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари ўринбосари Т.Раҳматов. – “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилаётган Оқтом ва Хонбанди қишлоқларида ҳам янги иш ўринлари пайдо бўлди. Ярмаркада банд бўлмаган фуқароларни иш билан таъминлашда ушбу янги имкониятлардан фойдаландик.






