АсосийJamiyat

Собиқ “Бунёдкор” стадиони бузиладими?

'Собиқ “Бунёдкор” стадиони бузиладими?'ning rasmi

Футбол бўйича жаҳон чемпионати старти олдидан Россия пойтахти Москва шаҳрида Осиё футбол Конфедерациясининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ФИФА президенти Жанни Инфантино ҳам иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Бу йилги мундиалда қитъамиз шарафини бешта терма жамоа – Эрон, Япония, Саудия Арабистони, Жанубий Корея ва Австралия термалари ҳимоя қилишади. Йиғилишда Инфантино, қолаверса, Осиё футбол Конфедерацияси раҳбари Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Ҳалифа жаҳон чемпионатида иштирок этувчи Осиё терма жамоалари ва ҳакамларга омад тилади.

“Осиёда футбол жадаллик билан ривожланиб боряпти, - деди, жумладан, ФИФА раҳбари. -Умид қиламанки, бу йилги мусобақада Осиё терма жамоалари ҳам ўзларини ҳар томонлама кўрсата олишади. Қолаверса, айни пайтда Осиёда ҳакамлик соҳаси ҳам анча ривожланган. Сўнгги йилларда ушбу қитъадан бир қатор кучли реферилар етишиб чиқди. Жаҳон чемпионатининг финал босқичида энг кўп ўйин ўтказиш бўйича рекордчи ҳам бугунги кунда айнан осиёлик ҳакам Равшан Эрматов бўлиб тургани ҳам фикримга исбот бўла олади”.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатида Осиёнинг беш карра энг яхши ҳаками, ҳамюртимиз Равшан Эрматов бошчилигидаги бригада ҳам иштирок этади. Шунингдек, ўзбек футболи тарихида илк маротаба Алим Арифов жаҳон чемпионатида комиссар вазифасини бажаради.

Йиғилишдан сўнг МОҚ Президенти ва ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов Жанни Инфантино билан учрашди. МОҚ раҳбари мамлакатимизда спорт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида ФИФА раҳбарига сўзлаб берди. Ўз навбатида, жаҳондаги энг қудратли спорт ташкилотларидан бирининг раҳбари Инфантино ҳам ўзбек спортида рўй бераётган ўзгаришларни юқори баҳолади ва яқин орада шахсан ўзи Тошкентга ташриф буюришини ва ўзгаришларни бевосита кузатишини таъкидлаб ўтди.

Режага кўра, шу йилнинг ўзида “Миллий” стадион (собиқ “Бунёдкор”) ҳудудида Ўзбекистон футбол ассоциацияси учун янги бино қурилиш ишлари бошлаб юборилади. Бинога биринчи ғиштни айнан FIFA президенти Жанни Инфантино қўйиб бериши кутилмоқда. Демак, шу йил якунига қадар ФИФА раҳбари Тошкентга ташриф буюради.

Маълумот учун, жаҳон чемпионати 14 июнь куни Москвадаги “Лужники” стадионида бошланади. Россия ҳамда Саудия Арабистони терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтадиган очилиш учрашувини МОҚ Президенти ва ЎФА биринчи-вице президенти Умид Аҳмаджонов ҳам бевосита стадиондан кузатиб боради.

    Бошқа янгиликлар