АсосийSport

Ҳайит арафасида 5 нафар футболчига қайтадан имкон берилади

'Ҳайит арафасида 5 нафар футболчига қайтадан имкон берилади'ning rasmi

Шу йилнинг 5 январь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ижроқўми бюросининг қарори билан беш нафар футболчи футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилганди. Муборак Рамазон ойи якуни ҳамда Ҳайит айёми арафасида ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ўз айбини тушуниб етган бу футболчиларга яна бир бор имконият бериш мақсадида Ижроқўмга ташкилот уставининг 65-модда 1.2-бандига асосан айбдор деб топилганлар масаласини қайтадан кўриб чиқиш таклифини берди.

ЎФА раҳбарияти футболдаги энг ёмон иллатлардан бири — футболчилар ёшини кичиклаштириш масаласига жиддий эътибор қаратади. Айнан шу масала юзасидан айбдорлиги аниқлангач, Нодирбек Тешабоев, Муҳаммаджон Абдуллаев, Нуриддин Ҳасанов, Дилшод Аҳмадалиев, Бурхон Ҳасанов каби футболчилар Ижроқўм қарори асосида футболдан четлаштирилди. Ўтган давр мобайнида улардан аксари ўз айбини тушуниб етди, ҳужжатлар билан боғлиқ масалаларни тўғрилади. Шунингдек, ташкилотга бир неча бор хат билан чиқиб, қилган ишидан пушаймон эканини билдирди.

Тез орада ЎФА Ижроқўми бу масалани атрофлича ўрганиб чиқади ҳамда узоқ вақт давомида бошқа исм-шариф билан “ном қозонган” йигитларга, ўзларининг ҳақиқий исм-шарифлари билан фаолиятларини давом эттириш имкониятини яратади.

ЎФА Ижроқўмининг қарори тез орада эълон қилинади.

    Бошқа янгиликлар