1

Гўдак меҳридан пулни афзал билган она

ЖИНОЯТ 26.06.2018, 16:17
Гўдак меҳридан пулни афзал билган она

Фарзандини оқ ювиб, оқ тараб парваришлаган она учун бу дунёда ундан азизроқ неъмат йўқ... Шундай деймизу аммо атрофимизда содир бўлаётган дилни хира қиладиган турли ҳолатларни кўриб, эшитиб нафасимиз ичимизга тушгандек бўлади.

Тўққиз ой вужудида не-не умидлар билан кўтариб юрган боласининг қотилига айланаётган аёлларни «она» дейишга ҳам тил бормайди.

Эндигина икки ярим ёшга тўлган Муҳаммад Содиқ онасининг жабрдийдасига айланишини бирор важ билан оқлаб бўлмаса керак.

Зуҳра ва Шомурод (исмлар ўзгартирилган) шаърий никоҳ билан турмуш қуришди. Тошкент шаҳрида вақтинчалик рўйхатдан ўтиб, шу ерда ижара асосида яшай бошлашди. Орадан вақт ўтиб, ўғил фарзанд дунёга келди. Бироқ оилага, эр-хотин муносабатларига путур етди. Доимий уруш-жанжаллар кўпайди. Шомурод турмуш ўртоғини ҳақоратлаб, дўппослашни одат қилди. Зуҳра фарзанди икки ёшга тўлганда, турмуш ўртоғининг тазйиқларидан қочиб, Хоразм вилоятига ота-онасининг ёнига кетишга мажбур бўлди. Бироқ ҳеч қанча вақт ўтмасдан Тошкентга Фотима исмли танишига қўнғироқ қилиб, ўғлини боқишга қийналаётгани, шу сабаб уни сотмоқчи, пулига Тошкент шаҳрининг чеккароғидан уй харид қилмоқчи эканини айтган...

Шундай ҳолатларни эшитганда киши дарров ўйга толади: наҳотки, инсон шунчалар тубанликка бориши мумкин? Айниқса, она ўз жигаргўшасини қандайдир арзимас пулга алмашса? Зуҳранинг бошига тушган азоб-уқубатлар ҳақиқатан ҳам балки оғир бўлгандир. Лекин аёл шундай вақтда фарзанди билан овуниши, унинг келажаги учун янада кучлироқ бўлишга интилиши керак эмасми? Бу каби воқеаларнинг ҳаётимизда тобора кўпайиб бораётганининг асл сабабини қидирадиган бўлсак, гап яна ўша тарбияга бориб тақалаверади. Наҳотки, қиз ўстираётган оналар фарзанд кўриш аёл учун энг олий бахт эканини уларнинг қулоғига қуймаяпти? Оталар-чи, ўғлига аёл унинг наслининг давомчисини дунёга келтиришини, шунинг учун уни ҳамиша асраб-авайлаш зарурлигини уқтира оляптими?

Оилада яхши тарбия кўрмаган ёшлар эса бутун инсоният учун қадрли бўлган туйғуларни оёқости қилмоқда. Фарзандини арзимаган пулга алмаштирмоқда.

...Фотима унга бола учун харидор топиб беришини ваъда қилган. Сўнг Жамила исмли танишининг фарзанд асраб олмоқчи эканини эшитиб қолгач, Зуҳра фарзандини икки ярим минг АҚШ долларига сотмоқчи эканини айтиб, унга Зуҳранинг телефон рақамини берган. Жамила Зуҳрага қўнғироқ қилиб, бола асраб олмоқчилигини айтган. Жамила турмуш ўртоғини болани олишга кўндиргач, Зуҳрани пойтахтга боласини олиб келишни, шу ерда сўраган пулини беришини айтган. Зуҳра шаҳарга келгач, Жамила уни темир йўл вокзалида кутиб олиб, ижара уйга жойлаштирган. Савдони пишитиш учун эса бир кафени белгилашган. Зуҳра Муҳаммад Содиқни, Жамила эса айтилган пулни кафега олиб келишган. Жамила пулни бергач, болани ундан тортиб олмаслиги учун Зуҳрадан паспорт нусхасининг орқасига бу ҳақда тилхат ёзиб беришни талаб қилган. Зуҳра тилхатни ёзиб бергач, улар кафедан чиқиб кетиш учун тараддудланишади. Шу пайт Ички ишлар вазирлиги ходимлари тезкор ҳаракатлари сабаб, кафедаги одам савдосига чек қўйилди.

Судда гувоҳликка чақирилган Шомурод Илёсов турмуш ўртоғининг фарзандини сотиш нияти борлигидан хабарсизлигини айтди. Маълум бўлишича, Зуҳра турмуш ўртоғи уни уйидан чиқариб юборгач, боласини боқишга қийналган, яшаш шароитининг оғирлиги сабаб боласини сотишга қарор қилган.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди Зуҳра Сафаровани Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 135-моддасининг 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди ва Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда унга шу моддага асосан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди...

Инсон умрининг ҳар лаҳзаси қадрли. Унинг беш йилини темир панжаралар ортида ўтказиш аёл кишига оғир. Бироқ одам савдоси билан шуғулланиш, айниқса, у ўз фарзандинг бўлса, бу кечириб бўлмас гуноҳ.

Хуршид СОДИҚОВ,

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди ходими

"Оила давраси" газетасидан олинди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1