Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда сенаторлар, депутатлар, турли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари вакиллари, адабиёт ва санъат намояндалари, маънавият тарғиботчилари, журналистлар иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Қутлуғ байрам арафасида ижодий беллашувнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичлари бўлиб ўтди. Танловга тақдим этилган ижодий ишларда «Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!» деган эзгу ғоя ўз ифодасини топган. Танловнинг республика босқичига адабиёт, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, тасвирий санъат, фотография, дизайн, кино йўналишлари бўйича тўрт юзга яқин ижодкордан қарийб беш мингта иш тушди. Тақдим этилган асарларда истиқлолнинг маъно-мазмуни, халқимиз танлаб олган тараққиёт йўлининг ҳар томонлама тўғри ва ҳаётий экани, ривожланган демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида эришилган ютуқ ва марраларнинг мазмун-моҳиятини халқимиз, айниқса, ёш авлодга ҳаётий, таъсирчан, содда ва айни дамда самимий, ўзига хос ижодий ёндашув асосида очиб берилганига эътибор қаратилди.
Танлов якунида турли йўналишлар бўйича ғолиб ва совриндорларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.





