1

“Ёшлар куни” республикамизнинг сиёсий-ижтимоий аҳамиятга эга саналари қаторидан жой олди

ЖАМИЯТ 30.06.2018, 17:20
“Ёшлар куни” республикамизнинг сиёсий-ижтимоий аҳамиятга эга саналари қаторидан жой олди

30 июнь – “Ёшлар куни” республикамизнинг сиёсий-ижтимоий аҳамиятга эга саналари қаторидан жой олди.

Наманган вилоятида санага бағишланган кенг кўламли тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, Норин туманида бўлиб ўтган тадбир туман ёшларининг ижтимоий ҳаётида муҳим воқеалардан бири бўлиб қолади.

Норинда ҳафтанинг ҳар пайшанба ва якшанба кунлари эркак ва аёллар, ўсмир йигит-қизлар ва болалар ўртасида марафон ҳамда веломарофон ўтказилади. “Ёшлар куни”га бағишлаб ташкил этилган навбатдаги марафонда 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган 300 нафардан ортиқ ёшлар 3 километр масофага югурди. Ҳаваскор спортчилар орасида бошланғич синф ўқувчилари, уй бекалари, раҳбар-ходимлардан тортиб, ишчи ва деҳқонларнинг ҳам бўлиши соғлом турмуш тарзига бағишланган тарғибот-ташвиқотларнинг самарасидан дарак.

Туман ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши ҳамкорлигида йўлга қўйилган мазкур анъана давомида маррага биринчи бўлиб етиб келган эркак ва аёлларга “Энг ёш марафончи”, “Энг ёши улуғ иштирокчи” номинациялари бўйича ғолибларга совғалар топширилди. Эркаклар ўртасида маррага биринчи бўлиб М.Мўйдинов етиб келган бўлса, У.Бурхонжонова аёллар ўртасида биринчиликни қўлга киритди. Н.Араббоев энг ёш марафончи, Н.Собирова энг ёши улуғ иштирокчи сифатида махсус совға билан тақдирланди.

– Туманидаги 155 мингдан ортиқ аҳолининг 90 мингдан кўпроғини ёшлар ташкил қилади, – дейди туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Сайдали Сиддиқов. – Уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, спортга ошно қилиш билан бир қаторда ишсиз фуқароларнинг иш билан таъминланиши ҳам доимо диққат марказимизда. Жорий йилнинг ўзида туманда шу мақсадга қаратилган 9 ярмарка ўтказилди ва уларда юзлаб ёшлар ишли бўлди. Бугун Ҳаққулобод тиббиёт коллежида вилоят бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган бўш иш ўринлари ярмаркасида ҳам кўплаб ёшлар ишли бўлди.

Туман тиббиёт коллежида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида Наманган шаҳри ва чегарадош туманлардаги 272 корхона, ташкилот ва муассаса 2 минг 253 иш ўринлари билан қатнашди. Бу ерда ўзига муносиб иш тополмаганлар Хўжаобод саноат ва сервис коллежида, Норинкападаги 40-умумтаълим мактабида ўтадиган меҳнат ярмаркасида иштирок этиши мумкин.

– Корхонамиз Наманган шаҳрида жойлашган бўлиб, асосан сунъий тола ишлаб чиқаришга ихтисослашган, – дейди “KUBRO TEKSTIL SANOAT” МЧЖ вакили М.Жумабоев. – Жамиятимизга 5 миллиард сўмлик инвестиция киритилиб, янги технология олиб келингани боис ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳсулот сифати ортди. Бугунги ярмаркада ёшлар учун 10 бўш иш ўрни таклиф қилмоқдамиз.

– Қишлоғимизда 2 минг 700 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади ва уларнинг қарийб ярми ёшлардир. “Ёшлар куни” га бағишлаб ўтказилаётган ярмаркага шу йил коллежни битирган ёшларни олиб келдик. Уларни таклиф қилинаётган иш жойлари билан таништириб, ишли қилиш ниятидамиз, – дейди Кемабоши МФЙ раиси маслаҳатчиси Марияхон Тўйчиева.

“Ёшлар куни”га бағишлаб ўтказилаётган тадбир доирасида спорт мусобақалари ўтказилмоқда. “Ҳоким ва ёшлар учрашуви”, “Зукко китобхонлик”, “Ошпазлар танлови”, “Дунё рақслари” каби танловлар ташкил этилди. Туман марказидаги “Шодлик” марказий ўйингоҳида ёшларнинг севимли санъаткорлари иштирокида гала-концерт намойиш этилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1