Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан 2014-2015 ўқув йилида таълим-тарбия сифатини оширишдаги устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Хабарда ёзилишича, бу йил янги ўқув йили учун инвестиция дастурига мувофиқ 381 мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан спорт иншоотлари, болалар мусиқа ва санъат мактабларини қуриш ҳамда реконструкция қилишга 209,1 миллиард сўм сарфланди.
Янги ўқув йили учун 605 номдаги 34,5 миллион нусха дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмалар чоп этилиб, жойларга етказилди.
Янги ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 1-синфига 587 минг ўқувчи қабул қилинади. Айни пайтда улар учун 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат Президент совғалари тайёрланиб, таълим даргоҳларига етказилди. Мазкур совғалар Билимлар кунида болаларга тантанали топширилади.
“Соғлом бола йили” давлат дастурига мувофиқ мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, болаларни мактабга тайёрлаш сифати ва ходимларнинг касб маҳоратини оширишга қаратилган 2015-2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури ишлаб чиқилди. Мактабгача таълимга қамраб олинмаган болаларнинг ота-оналари учун “Болажон” таянч дастури асосида “Нутқ ўстириш, ўқиш ва саводга тайёрлаш”, “Математик тасаввурларни шакллантириш”, “Соғлом танда – соғ ақл” каби беш номдаги қўлланмалар тайёрланди. Мазкур адабиётлар мактаб кутубхоналари орқали ота-оналарга тарқатилади.





