АсосийJamiyat

Туркиянинг мамлакатимиздаги элчиси ҳамюртларимизни мустақиллик байрами билан қутлади

Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Намик Гюнер Эрпул халқимизни энг улуғ, энг азиз байрам - мустақиллигимизнинг 23 йиллиги билан қутлади.

    “Тили, дини ва маданияти бир бўлган турк ва ўзбек халқлари ўртасида дўстлик ва қардошлик ришталари бир неча асрларни ўз ичига олади, - дейилади элчининг табригида. -  Икки халқ ҳаёт тарзидаги муштарак жиҳатлар ҳақида узоқ гапириш мумкин.

 Қадим тамаддунларга мезбонлик қилган ва Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган Ўзбекистон бугунги кунда Евроосиё жўғрофиясида ўта муҳим ўринга эга. Бинобарин бу мамлакат  минтақада юз бераётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳалардаги туб ўзгаришларда ҳам алоҳида аҳамият касб этади.  Олис  ўтмиши ва давлатчилик анъаналари, Марказий  Осиё нуфусининг  тахминан ярмига тенг келувчи 30 миллиондан ортик аҳолиси, Осиёнинг юрагидаги геостратегик мавқеи, бой табиий захиралари ва баракали тупроғи билан Ўзбекистон минтақанинг энг муҳим давлати саналади.

 Ушбу мустаҳкам пойдевор узра истиқлолнинг  дастлабки йилларидан бошлаб муҳтарам  Президент Ислом Каримов раҳнамолигида олиб борилган мустақил, қатъий, конструктив ва тинчликпарвар сиёсат Ўзбекистоннинг халқаро миқёсидаги мавқеининг ошишига, дунёда ўзининг мустаҳкам ўрнини топишига пухта замин яратди. 

Туркия ҳам теран давлатчилик анъаналари, узоқни кўра олувчи ташқи сиёсати, тезлик билан ўсаётган мустаҳкам иқтисодиёти билан Евроосиё ҳудудида ўзига хос юксак мавқе касб этган.  Бинобарин  ҳар икки мамлакат ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиши мамлакатларимиз тараққиётида муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда  савдо-иқтисодий алоқалар билан бир қаторда, транспорт, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, ва бошқа турли соҳаларда ўзаро муносабатларни ривожлантиришимиз учун катта салоҳият мавжуд. 

Шу муносабат билан икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ўзаро ишонч, эҳтиром ва умумий манфаатлар тамойили асосида қисқа вақт мобайнида муносиб даражага кўтариш муҳим ва устуворлик аҳамият касб этмоқда. 

Ана шундай қувончли дамларда, Ўзбекистон аҳлини энг улуғ, энг азиз байрам--мамлакат  мустақиллигининг  23-йиллиги билан самимий муборакбод этаман.  Ўзбекистонга ва қардош ўзбек халқига тинчлик, бахт, муваффақият ва фаровонлик тилайман. Халқларимиз ўртасидаги  дўстлик абадий бўлсин!”

    Бошқа янгиликлар