1

Фарғонада зўравонлар устидан ҳукм ўқилди

ЖИНОЯТ 17.07.2018, 16:51
Фарғонада зўравонлар устидан ҳукм ўқилди

Тун оғушида қишнинг совуғи янада кўпроқ билиниб кетди. Фарғона вилояти Тошлоқ туманининг Бешолиш даҳасида жойлашган дала ҳовлидаги жимжитликни икки кишининг кулгиси бузади.

Ироданинг уяли телефони жиринглайвергач, "ошиқ-маъшуқ"ларнинг хаёли бўлинди. Қўнғироқ эгаси аёлнинг илгариги танишларидан бири Нозим экан.

Телефондаги бир-икки дақиқалик суҳбат кўп ўтмай жиддий тус олди. Бунга Ироданинг ёнида турган эркакнинг овози сабаб бўлди.

– Ёнингдаги ким? – деб сўради Нозим аёлдан.

Ирода саволдан шошиб қолди шекилли қўл телефонидаги алоқани дарров ўчирди. Нозимга эшитилган овоз Рустам Юсуповга тегишли эди. Илгаридан уни таниган Нозим телефондаги исмлар рўйхатидан Рустамнинг рақамини топди. Бу галги қўнғироқ эркаклар орасидаги тортишувга айланиб кетди. Куракда турмайдиган ҳақорат сўзлари янгради.

– Ҳозир қаердасан? – дағдаға қилди Рустам унинг манзилини сўраркан.

– Сен ўзинг қаердасан, – деб жаҳл отига минди Нозим ҳам бўш келмай.

– Бу ерларни топа олмайсан, кутиб тур, мен ўзим сенинг ёнингга бораман!

Кўп ўтмай Нозимнинг Фарғона шаҳридаги яшаш манзилига “Ласетти” автомашинаси етиб келди. Ундан бирин-кетин тушиб келган “кўча хўжайинлари”, Рустамнинг ҳамтовоқлари – Достон Азимов, Мансур Мўминов, Фарҳод Миллабоевлар эди. Рустамдан уни олиб келиш ҳақида тегишли кўрсатма олган корчалонлар Нозимнинг маҳалласида “ҳунарлари”ни кўрсатди. Жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан Нозимни дўппослашди. Бу билан қаноатланмаган безорилар Нозимни машина юкхонасига мажбурлаб "жойлаб", Бешолишдаги дала ҳовлига йўл олишади. Бу ҳолатларнинг барчаси шу ҳудудда жойлашган дўкондаги кузатув камерасига муҳрланиб қолди...

Рустамнинг топшириғи якунига етганида дала ҳовлини аллақандай безовталик қоплади. Рустам қаршисидаги рақибидан нимага ҳақорат қилганининг сўроғини олиб боравергач, Нозим Ғофуров ҳушини йўқотаёзди. Нозимнинг қатъияти унинг ғазабини баттар қўзғади. Ошхона пичоғини олиб чиқиб Нозимнинг бўғзига тираб, ҳатто ўлдириб юбориш билан қўрқитди. Ўлиб кетса ишлар бир йилга қолмай бости-бости бўлиб кетишини мағрурлик билан таъкидлар чоғи Рустамнинг қўлидаги совуқ қурол Нозимнинг бўйнини тилиб юборди.

Нозим енгилишга мажбур бўлди. Зотан унинг рўпарасида ҳар қандай ёвузликка тайёр жиноий гуруҳ шай бўлиб турарди. Ёш умрига бир зумда ҳукм ўқилишидан чўчиб уларнинг талабларини бажаришдан қайтмади. Дала ҳовлидан қайтаркан Нозим касалхонага боргач йиқилиб шу аҳволга тушганини айтиши зарур эди. Рустамнинг бу тайинлов гапи жиноий иш очилмаслиги учун эди.

Суд-тиббий экспертизасининг 2017 йил 18 декабрдаги хулосасига кўра, Н.Ғофуровда ўша кунги олишувлардан кейин бош энса соҳасида лат еган яра, чап ва ўнг чакка соҳаларидаги юмшоқ тўқималарнинг лат ейиши, икки қулоқ супралари ва ортидаги қонталаш ва яна шу каби бир қатор шикастланишлар вужудга келган эди. Судланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, ашёвий далиллар, шунингдек, кузатув камерасидаги тасвирлар туфайли олдиндан тил бириктирган жиноий гуруҳ қилмишлари ўз исботини топди.

Судланувчилар келишилган ҳолда одам ўғирлаш, жамиятда ўрнатилган юриш-туриш қоидаларини менсимаган ҳолда уриш-дўппослаш жиноятларини қасддан содир этган. Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман суди Рустам Юсуповни 6 йилу 6 ой муддатга, Достон Азимов ҳамда Мансур Мўминовни 5 йилу 6 ой муддатга, Фарҳод Миллабоевни 5 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Биз тартибли, қонун-қоидаларга асосланган жамиятда яшаймиз. Инсон деган мартабани кўтарган ҳар бир шахс ана шу тартиб-таомилларга амал қилиши шарт. Зеро, инсон эркига ҳеч ким ҳукмронлик қилолмайди. Бунга қонун йўл қўймайди. Қонунни менсимас экан у ким бўлишидан қатъий назар тегишли жазога, жамият нафратига лойиқ. Юқоридаги ҳолатлардан юртдошларимиз тегишли хулоса чиқаришларини истар эдик.

Шавкатжон Шамшиев,

Жиноят ишлари бўйича Қўштепа тумани суди раиси

ЎзА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1