1

Пора билан қўлга тушган "Ватанпарвар" ташкилоти раҳбарларидан бирига ҳукм чиқарилди

ЖИНОЯТ 18.07.2018, 09:34
Пора билан қўлга тушган "Ватанпарвар" ташкилоти раҳбарларидан бирига ҳукм чиқарилди

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Тошкент шаҳар кенгаши тасарруфидаги “Олмазор ўқув спорт техника клуби" унитар корхонаси бошлиғи З.М. фуқаро Б.Х.га ўқув машғулотларига келмаса ҳам чора кўрмаслик ва топширилиши лозим бўлган саломатлик тўғрисидаги тиббий маълумотномани олишда ёрдам беришни ваъда қилди. Бунинг эвазига 2018 йил 12 март куни 300 минг сўм ҳамда 100 АҚШ долларини пора тариқасида олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан қўлга олинди. Бу хақда ЎзА маълум қилди.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор тумани суди томонидан кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Суд ишида судланувчи барча айбига иқрор бўлди. Гувоҳларнинг ҳолат юзасидан кўрсатмалари эшитилди. Тўпланган далиллар яна бир бор кўздан кечирилиб, судланувчига ҳукм эълон қилинди. З.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан қонунда белгиланган тартибда жазо тайинланди. Унинг аввал судланмагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги инобатга олинди.

– Порахўрлик, коррупция жамият тараққиётига ғов бўлувчи энг ёмон иллатлардан ҳисобланади, – дейди Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор тумани суди судьяси М.Обидов. – Бу каби салбий ҳолатларнинг оқибати яхшилик билан тугамаслигини аҳолига тушунтириш зарур. Жойларда ўтказилаётган тарғибот тадбирларида ҳам мазкур муаммога алоҳида эътибор қаратганмиз. Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда порахўрлик ва коррупцияни йўқ қилишга қаратилган ижтимоий видео роликлар ҳам намойиш этилмоқда.

Соҳа мутахассислари томонидан фуқароларга бу каби ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг оқибатлари ҳақида тушунча берилди. Туманда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар хусусида фикр алмашилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1