АсосийDunyo

Франция президентининг собиқ севлигиси уларнинг муносабатлари ҳақида китоб ёзди

Франция президенти Франсуа Олланднинг собиқ севгилиси журналист Валери Триервейлер давлат раҳбари билан муносабатлари ҳақида 320 бетли китоб ёзди. Бу ҳақда France 24 нашри хабар бермоқда.

Валери Триервейлер ва Франсуа Олланд 1988 йили танишишган, аммо уларнинг муносабатлари фақатгина 2005 йил бошланган.  Ўшанда Валери Paris Match журнали бош муҳаррир ўринбосарининг турмуш ўртоғи бўлган. Валери расман 2010 йил турмуш ўртоғи билан ажрашди. 2011 йилдан бошлаб эса Валери Триервейлер Франция президенти билан турли маросимларда бирга ташриф буюрган. Улар муносабатларни расмийлаштирмаган бўлсада, Франция ОАВлари Триервейлерни Франциянинг “биринчи хоними” дея аташди.

2014 йилнинг январ ойида Closer журнали Франсуа Олланд севгилисига хиёнат қилганини тасдиқловчи мақолани чоп этди.  Шундан сўнг уларнинг муносабатлари якунланди.

Давлат раҳбари билан муносабатларни якунлаш журналист учун осон кечгани йўқ.

“Франсуа менга хиёнат қилгани тўғрисидаги хабарни Елисей саройида эшитдим. У ёнимда эди. Мен ўзимни ёмон ҳис қила бошладим ва бир пакет дориларни олиш учун ювиниш хонасига кириб кетдим. Франсуа ортимдан югурди”,-деб ёзади Триервейлер.

Журналистнинг ёзишича, Франсуа ундан дориларни олиб қўймоқчи бўлган, оқибатда барча дорилар ерга тўкилиб кетган. Аммо,  Валери барибир ушбу дориларни қабул қилди ва кейинги кун шифохонага тушди. Валери шифохонада бўлган даврда мамлакат президенти  кунига бир неча маротаба хабарлар жўнатиб турган ва унинг қайтишини сўраган. Аммо, Триервейлер унга  иккинчи бора имкон бермади.

Валери Триервейлернинг “Бу лаҳзалар учун сенга раҳмат” (Thank You for This Moment) номли китоби сентябрь ўртасида сотувга чиқади.  Елисей саройида шов-шув бўлиши кутилаётган китоб ҳақида ҳеч нарса билмасликларини маълум қилишди.

    Бошқа янгиликлар