АсосийJamiyat

Самарқандда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти кенгашининг 99-сессияси бўлиб ўтади

Самарқанд шаҳрида 1-3 октябрь кунлари БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси бўлиб ўтади. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.

“Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 1 августдаги фармойишига мувофиқ ташкил этилаётган ушбу анжуманда Осиё, Европа, Шимолий ва Жанубий Америка ҳамда Африка қитъаларидан кўплаб олимлар, нуфузли халқаро сайёҳлик ташкилотлари раҳбар ва вакиллари, илмий марказлар ва институтлар мутахассислари, экспертлар иштирок этиши кутилмоқда”,-дейилади хабарда.

Тадбир доирасида мамлакатимизга сайёҳларни янада кенгроқ жалб қилиш борасида чет эллик мутахассислар билан ўзаро фикр ва мулоҳаза алмашилади, ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.

Анжуманда кўп асрлик қадимий ва бетакрор шаҳарларимизнинг бой тарихий ва маданий мероси, юртимизнинг фусункор табиати ва туризм инфратузилмаси ҳақида ҳикоя қилувчи фильм ва видео-роликлар намойиш этилади. Сессия қатнашчилари Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидаги тарихий, илмий ва маданий обидалар, истиқлол йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишади.

БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг интернет тармоғидаги www.unwto.org манзилида мазкур халқаро анжуман ҳақида махсус саҳифа очилган.

    Бошқа янгиликлар