Урганчда Орол муаммолари бўйича Халқаро конференция бўлиб ўтади

ЖАМИЯТ 09.09.2014, 14:34
Урганчда Орол муаммолари бўйича Халқаро конференция бўлиб ўтади

Шу йилнинг октябр ойида охирида Урганч шаҳрида «Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтиши кутилмоқда, дея хабар беради uz24.uz нашри.

Орол денгизининг катта қисми Оролбўйи минтақасини шафқатсизларча қамраб олаётган 5,5 миллион гектардан иборат қум-туз саҳросига айланган. Олимларнинг таъкидлашича, ҳар йили атмосферага қуриб бораётган денгиз тубидан 75 миллион тоннадан зиёд чанг ва заҳарли тузлар кўтарилиб, 400 километрлик майдон бўйлаб тарқалмоқда. Орол денгизининг Ғарбдан Шарқ томонга эсадиган кучли ҳаво оқими йўлида жойлашгани ва бу аэрозолларнинг атмосфера юқори қатламларига кўтарилишига ёрдам бераётгани атроф-муҳит ифлосланиши оқибатларини янада кучайтирмоқда. Туз оқимлари аломатлари бутун Европа ва ҳатто Шимолий муз океанида ҳам кузатилмоқда.

Конференцияниии ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, Орол денгизи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий аҳволни яхшилашга қаратилган дастур ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш учун халқаро ҳамжамият маблағ ва саъй-ҳаракатларини сафарбар этиш, шу билан бирга экологик офатнинг салбий оқибатларини камайтиришга доир халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан иборат.

1995-2012 йиллар оралиғида Оролбўйи минтақаларига халқаро донорларнинг 1,1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги кўмак маблағи киритилган. Оролни қутқариш халқаро фонди эса 2003-2010 йиллар давомида 2 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағни турли лойиҳаларни амалга ошириш йўлида сарф этган. Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси, БМТ,  Бутунжаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа иттифоқи томонидан ишлаб чиқилган 300 дан ортиқ лойиҳаларнинг амалга оширилиши учун эса 8,5 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағни ажратиш кўзда тутилганди. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1