1

Шаҳар ҳокимлиги: Самарқанддаги почтанинг тарихий биноси бузилмайди

ЖАМИЯТ 26.07.2018, 12:41
Шаҳар ҳокимлиги: Самарқанддаги почтанинг тарихий биноси бузилмайди

Интернетнинг ижтимоий тармоқларида Самарқанд шаҳрида бундан бир аср олдин – 1910 йилда қурилган почта биносининг бузилаётгани ҳақида хабарлар яна пайдо бўлди.

Самарқанд шаҳри ҳокимлиги берган маълумотга кўра, ҳозирда почта жойлашган бино яқинида Самарқанд давлат медицина институтининг 800 ўринли ўқув биноси қурилиши мўлжалланган. Ушбу бинонинг қурилиши маданий-тарихий ҳисобланган почта биносидан норматив масофага асосан олиб борилади. Қурилиш ишларининг тарихий бинога ҳеч қандай таъсири йўқ.

Иккинчидан, ўқув корпусининг бир қисми қуриладиган жойдаги почтанинг хат-хабар алмашинуви биноси тарихий-маданий обида сирасига кирмайди – 1987 йилда қурилган таъмирталаб иншоотдир. Бузилиши режалаштирилган бино маданий-тарихий иншоот эмаслиги ҳақида Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси Самарқанд ва Жиззах вилоятлари бўйича минтақалараро давлат инспекцияси мутасаддиларининг хулосаси бор.

Таъкидлаш керак, бугунги кунда шаҳарда бир қатор қурилиш ишлари якуний эспертиза ўтказиш учун тўхтатиб қўйилган. 18 йилдан буён шаҳарда яроқли бош режа бўлмагани айни вақтга келиб кўплаб ана шундай муаммоларни юзага келтирмоқда. Шаҳар бош режасида нафақат бинолар, балки йўллар, ҳатто муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳам инобатга олиниши боис бу борада айрим ҳудудларда янги лойиҳаларни бажариш қийин кечмоқда.

Муаммони бартараф этиш мақсадида айни пайтда “ТошБошПлан ЛИТИ” институти вакиллари томонидан шаҳарнинг бош режаси ишлаб чиқилмоқда. Мазкур режа жорий йилнинг 1 декабрига қадар тайёрланади ва бу ҳақда жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

Яна бир гап, бугун айрим юртдошларимиз интернетда тарқатилаётган бузғунчи ғоялар билан тўлдирилган, энг ёмони, таг замири фақат ёлғондан иборат бўлган мана шундай асоссис хабарларга ишониб қолмоқдалар.

Шу ўринда ҳурматли ҳамшаҳарларимиздан олиб борилаётган ишларнинг асл моҳиятига етмасдан туриб ижтимоий тармоқлар орқали муносабат билдирмаслигини сўраб қоламиз. Бузилиши режалаштирилган уй-жойлар бозор нархида баҳоланиб, қонун доирасида компенсация тўланади. Бу борада ҳеч қандай эътирозга ўрин қолмайди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1