1

Ислом Каримов ШҲТ саммити доирасида бир қатор давлат раҳбарлари билан учрашди

ЖАМИЯТ 12.09.2014, 10:38
Ислом Каримов ШҲТ саммити доирасида бир қатор давлат раҳбарлари билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 11-сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун Тожикистон пойтахтига келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати хабар беради.  

ШҲТ олий органининг бу йилги мажлиси Тожикистоннинг ушбу ташкилотга раислиги доирасида ўтказилмоқда.

Ислом Каримов саммитга ШҲТда кузатувчи мақомидаги мамлакат раҳбари сифатида ташриф буюрган Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний билан учрашди.

Томонлар турли соҳалардаги ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолатини муҳокама қилди, бу алоқаларни, хусусан, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашдилар.

Шу куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан учрашди. Икки давлат раҳбарлари ўзаро ва минтақавий масалалар юзасидан, жумладан, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш борасида фикр алмашдилар.

Тожикистон Президенти ғоят мазмунли суҳбат учун Президент Ислом Каримовга миннатдорлик билдирди. Имомали Раҳмон Ўзбекистоннинг ШҲТ фаолияти самарадорлиги ва халқаро нуфузини оширишга қаратилган амалий ташаббуслари ўз вақтида илгари сурилгани ва улар ҳар томонлама асосли эканини таъкидлади.

Президент Ислом Каримов Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан ҳам музокара ўтказди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро манфаатдорлик хусусиятига эга. Савдо-иқтисодий алоқалар изчил ривожланмоқда. 2013-йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 7,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этгани бунинг тасдиғидир. Икки юздан ортиқ давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро битим ва шартномалар ҳамкорликнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Ислом Каримов ва Владимир Путин мамлакатларимиз ўртасидаги мулоқотларнинг мунтазамлиги муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Душанбе шаҳрига ташрифи давом этмоқда. Давлатимиз раҳбари 12-сентябрь куни ШҲТга аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг 14-мажлисида иштирок этади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1