1

Уртгутда келинига қотил ёллаган қайнота қўлга олинди

ЖИНОЯТ 06.08.2018, 14:35
Уртгутда келинига қотил ёллаган қайнота қўлга олинди

Ўктам бобо келини Саломатни (исмлар ўзгартирилган) ёқтирмайди. Бунга сабаб кўп. Тўғри, ўғлини орзу-ҳавас билан уйлантирганди. "Бахтли бўлсин", деб дуолар қилган. Ўғли ва келини уч фарзандли бўлгач, янги иморат қуриб, рўзғорини ажратиб қўйди.

Ўғли 10 йиллардан буён Россияда ишлайди. Уйига ҳар йили 15-20 кунга келади, холос. Россияда топган пулларини илгари отасига жўнатарди. Бобо ҳам нима қиларди, кичик ўғилларига ер участка сотиб олди, рўзғор харажатларига ишлатди. Бу Саломат келинга ёқмади, "биз янги рўзғормиз, ўз ташвишимиз бор", деди. Келин эрини ҳам "эговлаган" шекилли, отага пул келмай қолди. Энди пул келинга келадиган бўлди.

Ўзи шундоқ ҳам ёқтирмаган одамингнинг ҳар қадами айб бўлиб кўринаверади. Келиннинг қадам олишидан шубҳаланиб юрган қайнотага бу ҳол асло ёқмади. Келин эридан келган пулларга янги иморатини қурилишини тугатиш, таъмирлаш учун усталар олиб келди. Кун ора усталар, яъни бегона эркаклар билан машинама-машина юрган келинни кўрган қайнотанинг жазаваси тутди. Назарида келини очиқ-ойдин "юриб кетгандек" туюлаверди. Бир неча марта келиб, келини билан жанжаллашди. Барибир кўнгли жойига тушмади. Ўғлига телефон қилиб, дий-диё қилавериб, хотини билан ажрашишга кўндирди. Ўғли келиб ажрашиш учун ариза бериб кетди. Суд уларга муддат берди.

Навбатдаги жанжаллардан бирида келини: "Бу уй меники, мен уйдан чиқмайман!" - дегани бобонинг кўнглидаги хавотирни алангалатди. Келини бегона эркаклар билан бемалол ўралашаётгандек туюлиб, дунёси қоронғи бўлди. Ҳам орият, ҳам рашк, ҳам мол-дунё бобонинг оромини ўғирлади. "Ўлдираман!!!" Унинг якуний хулосаси шу бўлди. Роса ўйлаб кўргач, ўзи ўлдиришига кўзи етмади. Қўлидан келмаслигига иқрор бўлди. Кейин кинолардагидак "қотил" ёлламоқчи бўлди: "Кимдир ўлдиради, мен четда томошабин бўлиб қоламан. Шу билан ҳамма муаммо ечилади, бир томондан шармандаликдан қутуламан, иккинчи томондан уй-жой ҳам, пул ҳам тинч бўлади..." дея ўйлади у. Шу фикр миясига ўрнашиб қолди, энг тўғри йўл бўлиб кўринди. Аста-секин, эҳтиёткорлик билан ёлланма қотил излай бошлади.

...Бир одамнинг қотил излаётгани тўғрисида вилоят ИИБга тезкор хабар келиб тушди. Оғир жиноятнинг олдини олиш ва бир инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида дарҳол тезкор тадбир ташкил этилди. Тажрибали тезкор ходимлардан бири "ёлланма қотил" вазифасини бажарадиган бўлди...

Излаган имкон топади, деганларидек бир одам бобонинг қулоғига: "Сиз излаётган одамни биламан. Фалон жойдаги пивохонага бориб Шерали исмли одамни топинг", дея шипшиди. Ўктам бобо ўша пивохонани излаб топди. Бир столга ўтириб атрофни кузатди. Бироз ўтгач, хизматчи йигитни чақириб, Шерали исмли одамни сўради. Хизматчи хотиржамлик билан бир четдаги столда пиво ичиб ўтирган одамни кўрсатди. Бобо аввалига иккиланди, кейин таваккал қилиб ўша стол томон юрди.

- Шу ер бўшми, ўтирсам майлими?

- Марҳамат!

Бобо ёлланма қотилларни бошқача тасаввур қиларди: қандайдир ваҳимали кўринишли, чандиқли, қўлларига расмлар чизилган... хуллас, кинолардаги жиноятчилар каби. Бу йигит эса унчаям жиноятчига ўхшамайди, лекин кўзлари ҳиссиз ва совуқ боқаркан.

- Менга Шерали исмли одам керак эди.

- Эшитаман...

- Сиз билан жиддий масалада гаплашмоқчийдим...

- Мен жиддий одамман, енгил гапларни ёқтирмайман.

- Сал қалтисроқ масала-да... шунга...

- Гапирсангиз чайналмасдан дангал гапиринг, бўлмаса бошимни қотирманг.

Бу гап бобонинг ҳаяжонини босди, бор кучини тўплаб масалани айтди:

- Бир одамни ўлдириш керак. Келинимни... - бобо журъат билан шундай деди-ю суҳбатдошини кузатди. Шерали эса пинагини ҳам бузмасдан дудланган балиқни ҳузурланиб кавшарди. Бу ҳол бобога таскин берди.

- Қанча берасиз?

- Икки минг доллар! Фақат иш бажарилгандан кейин, - бобо дадиллашди.

- Нега ўлдиришим кераклигини билсам бўладими?

- Сабаб етарли. Фақат иш тоза бўлиши керак.

- Мен ҳам қамоқни соғинганим йўқ, иш тоза бўлади. Фақат пулни нақд санайсиз, мен дарҳол четга чиқиб кетишим керак. Шунда сиз ҳам, мен ҳам тинч...

- Мен келиним ўлганига ишонч ҳосил қилганимда пул бераман. Из қолмаса 500-600 доллар қўшиб ҳам беришим мумкин...

- Қандай ўлдирсам кўнглингиз жойига тушади?

- Менга фарқи йўқ...

- Бўпти, аввал сўйиб, кейин дарёга ташлаб юбораман.

- Майли, фақат ўлик бир-икки кунда сувдан чиқиб қолиши мумкин. Шунинг учун катта тош боғлаб чўктириш керак, - "маслаҳат" берди бобо.

- Ўзингиз ҳам иштирок этасизми?

- Йўқ, менга сўйилган ва сувга ташланаётган расмини кўрсатасиз.

- Келишдик. Иш бажарилгач, пул тўлашни ўйин қилманг, ўзингизга қийин бўлади, бобой!

Хуллас, шундан кейин қачон, қаерда учрашиш, келиннинг расмини ва уй манзили чизмасини олиш ва бошқа масалаларни келишиб олишди. Эртасига бобо келиннинг расмини ва уй манзили чизмасини олиб келиб берди.

... ИИБда иш қизғин. Тезкор ходимлар тадбирни ипидан игнасигача пухта ишлаб чиқишди. Тайёргарлик кўрилиб, керакли ходимлар, холислар жалб қилинди...

Келин уйида хотиржам, уй ишлари билан машғул пайтда икки бегона эркак кўча эшигини тақиллатганча кириб келишди:

- Кечирасиз, сиз билан гаплашиб олишимиз керак. Биз ички ишлар ходимларимиз...

Ўзаро таъсирли суҳбатда аёлни ваҳима ва оҳ-воҳдан тинчлантириб, вазиятни ва тузилган режани тушунтиришди. Кейин машинага миндириб ИИБга олиб кетишди. Ҳалигача турли гумонларда қийналаётган аёл ички ишлар идорасига келгач ўзини босиб олди. Тезкор йиғилишда тадбир яна бир бор муҳокама этилгач, ишга киришилди. Қишлоқ ҳудудидаги кўприк устида ўлдириш ҳолати саҳналаштирилди: мутахассислар аёлни ўлган каби ҳолатда ётқизишди, бир хўроз сўйилиб қони унинг бўйнига оқизилди. Харсанг тош олиб келиб оёғига арқон билан боғланди. Суд-тиббий экспертиза ходимлари ишончли тарзда суратга олишди...

Эртасига "қотил" телефонлашиб, бобо билан учрашди.

- Иш битди. Пулни чўзинг, бобой.

- Мен ишонч ҳосил қилишим керак. Қани сурат?

"Қотил" чўнтагидан икки дона сурат чиқариб кўрсатди. Бобо шошиб қўл узатган эди, суратларни чўнтагига солди:

- Аввал пулни сананг!..

- Мен ишонишим керак. Бунинг учун беш-ўн кун кутиш керак.

- Мен тезроқ четга чиқиб кетишим керак. Ҳеч бўлмаса яшириниб яшаб туришим учун пул беришингиз керак.

Озгина тортишув, дўқ-пўписадан сал-пал ишонган бобога "қотил" суратларни берди. Бобо суратларни синчиклаб томоша қилиб, "қотил"га 100 АҚШ доллари ва 100 000 сўм пул берди. Қолганини келини ўлганига ишонч ҳосил қилгач берадиган бўлди.

Шу пайт, орган ходимлари келиб, бобонинг тирсагидан тутишди...

Рустам ҲАЙИТОВ.

“Urgut sadosi” газетасидан олинди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1