1

Эрини болға билан уриб, кейин ўзининг жонига қасд қилган аёл фожиаси. Воқеа аслида қандай бўлган?

ЖИНОЯТ 07.08.2018, 13:37
Эрини болға билан уриб, кейин ўзининг жонига қасд қилган аёл фожиаси. Воқеа аслида қандай бўлган?

Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси маълумотларига кўра, Нурота тумани Янги ҳаёт маҳалласида яшовчи Муҳайё Қориева турмуш ўртоғи Рауфжон Ҳошимовни (исм-фамилиялар ўзгартирилган) қасддан ўлдириш мақсадида ярим тунда қўлида болға билан у ётган хонага киради. Аёл эрига ташланиб, унинг бош, бўйин ва кўкрак қафаси соҳаларига тан жароҳати етказади, деб ёзмоқда ЎзА.

Қўшни хонада ухлаб ётган қайнотаси Б.Ҳошимов шовқин-сурондан уйғониб кетади. Режалаштирилган қотилликни “якунига“ етказа олмаган келин воқеа жойидан қочиб кетади. Аёл қилган ишидан қўрқув ва ваҳимага тушиб, шу маҳаллада яшовчи опаси Малоҳат Қориеванинг молхонасига кириб, ўзини ўзи осиб ўлдиради.

Вазият шу даражада аянчли якун топишига, 4 нафар фарзанд вояга етаётган оиланинг пароканда бўлишига жамоатчилик, маҳалла-кўй эътиборсиз қарагани таажжубланарли.

Дастлабки маълумотларга кўра, келиннинг хиёнати туфайли оилада бир йилдан кўпроқ вақтдан буён нотинчлик бўлган. Уят ва ор-номусга чидолмаган оила бошлиғи табиийки, турмуш ўртоғи М.Қориевани кўчага ҳайдаган. 4 нафар гулдай фарзанд ота-онаси тирик бўла туриб, бобо ва бувиси қарамоғида қолган.

Наҳотки, вазият шу даражага етиб келгунича на қариндош-уруғ, на профилактика инспектори ва на маҳалла-кўй ҳеч қаерда ишламайдиган М.Қориеванинг уйга қачон келиб, қачон кетаётгани, кимлар билан гаплашаётганидан бехабар бўлган? Йўқ, бу оилада бўлаётган гап-сўзлар ҳақида кўпчилик эшитган, билган. Фақат ғишт қолипдан кўчгачгина туман хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла фаоллари, ички ишлар идоралари вакиллари томонидан эр-хотинни яраштириш бўйича тўрт маротаба муҳокама ва тушунтириш ишлари олиб борилган. Афсуски, барча уринишлар бесамар кетган...

Туман хотин-қизлар қўмитасидан маълум қилишларича, кўчада қолган М.Қориева фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судига мурожаат қилиб, ўзи рўйхатда турган уйга киритиб қўйишни сўраган. Табиийки, адолатли суд ишни унинг фойдасига ҳал қилган. Суд қарори ижро қилиниб, у хонадонга яна қайтади. Шундан кейин хонадонда турли уруш-жанжал кўпайса кўпайдики, камаймади. Охир-оқибат бугун кўпчилик билган ўша мудҳиш воқеа содир бўлди. Келин ўз жонига қасд қилди, ўғил шифохонада яримжон ҳолатда ётибди. 4 нафар бегуноҳ бола эса, кексайиб қолган бобо ва бувининг қарамоғида...

– Маҳалла идораси, қўни-қўшни, қавм-қариндош ва жамоатчиликнинг эътиборсизлиги ва лоқайдлиги туфайли шундай аянчли воқеа содир бўлди, – дейди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Навоий вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Нормурод Исҳоқов. – Агар Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар бир оиланинг турмуш шароити билан маҳалла фаоллари яқиндан танишганида, уйдагилар билан юзма-юз суҳбатлашганида юқоридаги каби ҳолатлар содир бўлмас эди. Шу масалада тумандаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида “Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғинида йиғилиш ўтказилди. Унда қатнашган одамларнинг юз-кўзига қараб, бир нарсага амин бўлдим.

Аҳоли орасида жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тушунтириш ишларини тўлақонли олиб боролмаганимиз туфайли шундай аҳвол юзага келган. Ўз вазифасига совуққонлик билан қараган маҳалла раиси, фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси, жамоатчилик тузилмаси раҳбари – посбон эгаллаб турган вазифасидан озод қилинди. Маҳалла профилактика инспекторига эса туман прокуратураси томонидан хизмат текшируви белгиланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1