1

Футбол жамоатчилигига ёлғон хабар тарқатганлиги учун “Локомотив” клубига жазо белгиланади

СПОРТ 22.09.2014, 11:57
Футбол жамоатчилигига ёлғон хабар тарқатганлиги учун “Локомотив” клубига жазо белгиланади

Тез орада Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси раҳбарияти футбол жамоатчилигига ёлғон хабар тарқатганлиги учун “Локомотив” клубига жазо белгилайди. Бу ҳақда ПФЛ расмий сайти хабар беради.

Маълум бўлишича, Олий лиганинг 28 август куни ўтказилган 18-тур учрашувлари доирасидаги “Локомотив”-“Бунёдкор” учрашувидан кейин “Локомотив” футбол клуби ўйиндаги ҳакамлик савиясидан, аниқроғи 12 вазиятдан норози бўлиб, протест ёзган.

Мазкур протест асосида Ўзбекистон Футбол Федерациясининг Ҳакамлар ва назоратчилар қўмитаси навбатдан ташқари мажлисида ушбу 12 вазиятдан 3 тасида ҳакам ҳақиқатан ҳам хатоликка йўл қўйган, лекин бу ўйин натижасига таъсир қилмаганлиги маълум қилинди. Протестдаги қолган 9 та вазиятда эса ҳакам ҳақ бўлган.

Жазо чораси сифатида “Локомотив”-“Бунёдкор” учрашувини бошқарган Валентин Коваленкога хайфсан эълон қилиниб,  ушбу ўйиндаги хизмат ҳаққини 25 фоизга камайтириш ҳақида қарор қабул қилинган.

“Назоратчиларнинг тартиб-интизом кодекси”га асосан, “Локомотив”-“Бунёдкор” назоратчиси Ғайрат Каримов бош ҳакам Валентин Коваленкога баҳони кўтариб қўйганлиги учун унинг ҳам ўйиндаги хизмат хаққи 25 фоизга камайтирилди ва кейинги 4 та тур ўйинларидан четлатилди.

5 сентябрь куни “Локомотив” клуби сайти эса “Локомотив” - “Бунёдкор” ўйинида ҳакамлик қилган Валентин Коваленко 4та ўйинга дисквалификация қилингани ҳақида хабар тарқатган.

“Клуб футбол жамоатчилигига ёлғон хабар тарқатишда нима мақсадни кўзлаганлиги номаълум, лекин бундай ишлар жазосиз қолмаслиги керак. Профессионал Футбол Лигаси раҳбарияти тез орада бу ишни кўриб чиқишни якунлайди ва “Локомотив” клубига жазо белгилайди. Бу ҳақдаги ахборот ПФЛ сайтида эълон қилинади”,- дейилади ПФЛ хабарида.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1