Осиё Футбол Конфедерацияси келаси йилнинг январь ойида Австралияда ўтказиладиган Осиё Кубоги баҳсларида иштирок этадиган расмийлар ва ҳакамлар номини эълон қилди.
Ушбу нуфузли тадбир иштирокчилари қаторида Ўзбекистондан бир эмас, икки нафар ҳакамлар бригадаси ОК-2015 финал босқичи ўйинларини бошқариб бориш учун ОФКдан таклиф олган. Бу ҳақда uff.uz нашри хабар беради.
Унга кўра, Осиё Кубоги баҳсларида Ўзбекистондан икки нафар бригада - Равшан Эрматов ҳамда Валентин Коваленко бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси ишлайди.
ОК-2015 финал босқичи ўйинларида Равшан Эрматов ўз ёрдамчилари, Абдуҳамидилло Расулов (Ўзбекистон) ҳамда Баҳодир Қўчқоровлар (Ўзбекистон) билан ОК баҳсларида ҳакамлик қилса, Коваленкога қанотларда ФИФА лайнсменлари Жаҳонгир Саидов (Ўзбекистон) ва Маъмур Саидқосимовлар (Ўзбекистон) ёрдам беришади.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон бир йўла иккита ҳакамлар бригадаси билан Осиё Кубоги баҳсларида ишлайдиган ОФКнинг ягона вакили ҳисобланади.
Қўшимча ўрнида, Ўзбекистондан яна бир вакил - Фарҳод Абдуллаев ОК баҳсларида назоратчи ҳакам сифатида ишлайди.





