1

Грузиянинг тўққиз жавоҳири

ДУНЁ 29.09.2014, 17:42
Грузиянинг тўққиз  жавоҳири

Грузия азалдан бетакрор табиати, меҳмондўст халқи, гўзал тарихий обидалари ва урф-одатлари билан дунё аҳлини ўзига қаратиб келган. Бу мамлакатнинг шаҳар ва қишлоқларини кезиш асносида бир неча минг йиллик тарихга эга бўлган Грузияни ўзингиз учун қайтадан кашф этасиз. Бу ердаги ажабтовур манзараларни дунёнинг бошқа ҳудудларида учратиш душвор.

1.Дейлик мамлакатга илк бор ташриф буюрган меҳмон пойтахт марказидаги ойнаванд Тинчлик кўпригини томоша қилмасдан кетмайди. 2010 йилда бунёд этилган бу ажойиб иншоот ўз даврида турли шов-шувларга сабаб бўлганди. Кимдир уни меъморчилик мўъжизаси деб атаса, яна кимдир бошқача мулоҳазаларни  билдирган. Нима бўлганда ҳам бу кўприк чиндан-да Тбилисининг энг гўзал жойлариддан бири. Айниқса, оқшом пайти ойнаванд кўприкдан таралаётган турфа рангли ёғдуцлар беихтиёр инсонни лол қолдиради.

2.Тбилисининг эски шаҳарни кезсангиз, мана бу тарихий бинолар эътиборингизни тортмасдан қолмайди. Торкўчалар бўйлаб кетаркансиз, осилиб турган бу болохоналар бошингизга қулаб кетишидан хавфсирайсиз. Аслида бу бинолар бир неча асрларни қаритган. Бу кўча чиндан ҳам тарих ва бугун, Шарқ ва Ғарб анъаналарини ўзида жамлагандек.

3. Мана бу тарихий қалъа нураб қолган эса-да, Тбилисининг исталган нуқтасидан кўриниб туради. Нарикала деб номланадиган бу истеҳком ўз даврида жуда кўп даврларни бошидан кечирган. Бу қалъа таъбир жоиз бўлса, шаҳарнинг энг баланд нуқтаси бўлиши баробарида, энг тарихий қисми ҳамдир.

4. Озодлик майдони пойтахтнинг рамзий маркази саналади. Майдон ўртасида авлиё Георгийнинг ҳайкали қад ростлаган. Бу майдон шаҳарни пиёда кезиш учун жуда қулай маскан саналади.

5. Метехи иболдатхонаси шу номли қоянинг тепасида ўрнашган. Бу ердан эски шаҳар манзараси яққол кўзга ташланади. Бир пайтлар қадимий шоҳлар ҳам айнан ана шу ибодатхона жойлашган тепаликдан туриб бутун шаҳарни кузатиб ўтиришган. Бир пайтлар мана шу ибодатхона ёнида шоҳ қароргоҳи бўлган. Аммо, у ўтган асрнинг ўрталарида Берия фармойишига биноан бузиб ташланган.

6. Боржоми. Беихтиёр шу ном билан аталувчи маъданли ичимлик суви хаёлингизга келдими? Бу ҳудуд бир пайтлар энг машҳур дам олиш масканларидан бири сифатида довруғ таратган. Ҳозир ҳам бу ерга мамлакатнинг турли ҳудудларидан дам олгани келиб туришади. Бу ҳудуддаги маъданли булоқлар жуда кўп хасталикларни даволашда ишлатилади.

7. Вардзия ҳақида эшитганмисиз? Тоғ бағридан ўйиб ишланган бу ҳужралар тарихи малика Тамара даврига бориб тақалади. Ўша пайтларда бундай ўйма ҳужралар сони 3000 дан ортиқ эди. 1283 йилда рўй берган зилзила туфайли уларнинг аксарияти кўмилиб кетган. Айни пайтгача 300 дан ошиқ тош ҳужралар сақланиб қолган. Бироқ, негадир бу ерга туристлар унча кўп келишмайди.

8. Четдан қараганда Горисцихе қалъаси харобалари ҳар қандай инсонни ҳайратга солади. Шаҳарнинг ўртаидаги бу қалъанинг эшиги ҳар доим очиқ. Кириш ҳам бепул. Фақат илонизи сўқмоқдан тепаликка чиқа олсангиз бўлгани. Кўпинча ёлғизликни истаган севишганлар ана шу қалъа бағридан паноҳ топадилар. Маълумотларга кўра, 400 йил аввал Эрон шоҳи Аббос бу қалъадан ҳарбий истеҳком сифатида фойдаланган.

9. Телави қадимги Кахетия  подшолигининг пойтахти саналган. Ҳозир ҳам Кахетия музофотининг маркази ҳисобланади. Алазан водийсининг марказида жойлашган бу шаҳарчада 20 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Телави марказида ўрта асрларга мансуб Ираклий Иккинчининг қасри жойлашган. Бугунга келиб, бу иншоотнинг миноралари қолган ҳолос. Айни пайтда қасрни қайта тиклаш ишлари давом этмоқда.

Дарвоқе, бу шаҳар сизга таниш. Машҳур “Мимино” кинофильмининг бир қатор лавҳалари айнан шу ерда суратга олинган.

 

Рустам Жабборов

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1