1

Инчеон-2014. Енгил атлетикачимиз яна иккита кумуш медалга сазовор бўлишди

СПОРТ 02.10.2014, 12:39
Инчеон-2014. Енгил атлетикачимиз яна иккита кумуш медалга сазовор бўлишди

Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида давом этаётган XVII ёзги Осиё ўйинларида мамлакатимиз енгил атлетикачилари делегациямиз ҳисобига яна иккита кумуш медалга сазовор бўлишди. Бу ҳақда  Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар беради.

Бунга қадар битта олтин (Екатерина Воронина) ва битта бронза (Юлия Тарасова) медалига сазовор бўлган енгил атлетикачиларимиз бугун ўнкураш мусобақаларининг якунларига кўра яна иккита кумуш медални қўлга киритдилар. Ўнкураш мусобақаларининг иккинчи кунида спортчилар 110 метр масофага тўсиқлар оша югуриш, диск улоқтириш, лангарчўпда баландликка сакраш, найза улоқтириш ва 1500 метр масофага югуриш мусобақаларида иштирок этишди.

Дастлабки кунги мусобақалардан сўнг эркаклар орасида пешқадамлик қилаётган ҳамюртимиз Леонид Андреев 110 метр масофага тўсиқлар оша югуришда 14.95 сония натижа билан учинчи, диск улоқтиришда 43.85 метр натижа билан тўртинчи, лангарчўпда баландликка сакрашда 5 метр натижа билан биринчи, найза улоқтиришда 60.05 метр натижа билан иккинчи ўринларни банд этди. Афсуски, мусобақада олган жарохати туфайли Леонид Андреев 1500 метр масофага югуриш мусобақаларида кутилган натижани қайд эта олмади. Бироқ, шунга қарамай аксарият мутахассислар оғир жароҳат олганлигига қарамай, мусобақаларни охирига қадар давом эттиришга ўзида куч топди ва барчани лол қолдирди.

Шу тариқа, Леонид Андреев ўзининг медаллар коллекциясини Осиё ўйинларининг учинчи кумуш медали билан бойитди. Бунга қадар тажрибали спортчимиз 2006 йили Доҳа (Қатар)да, 2010 йили эса Гуанчжоу (Хитой)да бўлиб ўтган Осиёнинг энг йирик спорт мусобақасида кумуш медаль соҳиби бўлган.

Яна бир кумуш медалга Александра Котлярова сазовор бўлди. Уч хатлаб сакраш мусобақаларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Александра 14 метр 05 сантиметр натижа қайд этиб, иккинчи ўринни эгаллади (2010 йили Гуанчжоуда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида Александра Котлярова 4-ўринни эгаллаган эди).

Бугун енгил атлетикачиларимиз, шунингдек, 100 ва 400 метр масофага тўсиқлар оша югуриш баҳслари ўтказилди. Валентина Кибальникова 100 метрга тўсиқлар оша югуришнинг финал босқичида 13.47 сония натижа кўрсатиб, бешинчи ўринни эгаллаган бўлса, 400 метр масофага тўсиқлар оша югуришда Наталья Асанова 1:00,42 натижа билан 8-ўринни банд этди. Уч хатлаб сакраш баҳсларида иштирок этган яна бир тажрибали спортчимиз Анастасия Журавлева 13.64 см. натижа билан еттинчи ўринни, ўнкураш мусобақаларида қатнашган Марат Хайдаров эса 8-ўринни эгаллади.

Айни пайтга келиб Ўзбекистон спортчилари ҳисобида 8 та олтин, 11 та кумуш ва 14 та бронза медаллари мавжуд бўлиб (шундан 6 та олтин, 9 та кумуш, 12 та бронза медалини эркаклар - 2 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза медалини хотин-қизлар қўлга киритишди), умумжамоа ҳисобида делегациямиз 9-ўринда бормоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1