АсосийMadaniyat

Фирдавс Абдухолиқов: "Ўз бойликларимиздан етарлича фойдалана олмаяпмиз!"

'Фирдавс Абдухолиқов: "Ўз бойликларимиздан етарлича фойдалана олмаяпмиз!"'ning rasmi

Кеча «Россия-Культура» телеканалида И.В. Савицкий номидаги Давлат санъат музейи тўпламларида сақланаётган авангард расмларнинг ноёб коллекциясига бағишланган «Нукус. Номаълум коллекция» фильмининг премьераси муваффақият билан намойиш этилди. Бугун биз фильмнинг Ўзбекистондан бўлган продюсери, «Дунё тўпламларидаги Ўзбекистон маданий мероси» лойиҳасининг муаллифи ва раҳбари, кўплаб фильмлар, жумладан, “Ўзбекистон. Кашф этилган очиқламалар”, “Қорақалпоғистон. Саҳро орасидаги вақт” фильмининг продюсери ва бошқа асарлар муаллифи билан суҳбат қурамиз.

- Фирдавс Фридунович, И. В. Савицкий номидаги музей ҳақидаги фильм “Дунё тўпламларидаги Ўзбекистон маданий мероси” лойиҳасининг бир қисми ҳисобланадими?

- «Дунё тўпламларидаги Ўзбекистон маданий мероси» лойиҳаси –бу нафақат альбом-китобларни нашр этиш ёки босиш, балки ҳужжатли фильмларни ҳам яратиш демакдир. Биз шу пайтгача 20 та фильмни ишлаб бўлдик. Улар устида таниқли журналист Шахноза Ғаниева раҳбарлигидаги тасвирга олиш гуруҳи иш олиб бормоқда. Хорижий телекомпания билан ҳамкорликда ишланган “Нукус. Номаълум коллекция” фильмига келадиган бўлсак, у мазкур йўналишдаги навбатдаги қадамдир. Биз Россия телекомпаниялари билан биргаликда «Ўзбекистон. Саҳро марвариди», «Ўзбекистон. Кашф этилган очиқламалар», «Қорақалпоғистон. Саҳро орасидаги вақтлар» фильмларини олдин ҳам олганмиз.Бугун эса тўла ишонч билан айта оламанки, Игор Савицкий музейининг ноёб коллекцияси ҳақидаги мазкур фильм “Дунё тўпламларидаги Ўзбекистон маданий мероси” номли лойиҳамизнинг амалга оширилишидаги янги ёрқин саҳифаларни очмоқда. Шу муносабат билан Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитасига, Маданият вазирлигига, И.В. Савицкий номидаги Давлат санъат музейига, шунингдек, ушбу фильмни яратишда бизга кўмак берган барчага ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.

- Агар «биринчи марта» иборасини асос қилиб олсак, фильмда олдин жамоатчиликка маълум бўлмаган нарсалар борми?

- «Биринчи марта» иборасини оладиган бўлсак, албатта, бу ҳолатда Савицкий номидаги музей фондининг ёпиқ омборхонасида тасвирга олиш имкониятининг яратилгани барчамиз учун ноёб ҳисобланади. Ижодийгуруҳлар бир ёки икки соатдан ишлашди десам янглишган бўламан, улар Нукусга икки марталаб учишди ва тасвирга олиш ишлари беш кунлаб давом этди.

Биз шунингдек, биринчи марта Игор Савицкий билан ишлаган одамларнинг очиқламаларини эшитишга муваффақ бўлдик, айнан улар, бу ҳикоялар томошабинлар ва барчамизга нафақат музей асосчиси Игор Савицкийни, балки ўша вақтнинг у мулоқотда бўлган рассомлари шахсиятини ҳам чуқур тушуниш имконини беради. Мазкур фильмда илк бор Игор Витальевичнинг ўша вақтнинг кўплаб санъатшунослари билан ёзишмалари келтирилади.

- Сиз, И.В. Савицкий номидаги музей омборхонасида бўлишга муваффақ бўлганлардан бирисиз. У ерда сизни нима ҳайратга солди?

-Мени шу нарса ҳайратга солдики, шундай бойликка эга бўла туриб, биз ҳали ундан тўлиқ даражада фойдаланишни билмаймиз. Жаҳон ОАВ, ҳужжатшунослар, олимлар ва тадқиқотчилар, коллекционерлар биз билан ишлаш учун мамлакатимизга келишга ва ишлашга тайёр. Аммо кўплари бизнинг фондларимизга кириш қийинлигини айтади. И.В. Савицкий номидаги музей ёрқин мисол бўла олади. Музей фондлари ҳақида фильм олиш учун Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш миллий ассоциацияси ҳамда«Россия - Культура» телеканалига кўплаб инстанциялардан ўтишига тўғри келди.Гарчи биз Ўзбекистон Маданият вазирлигининг қўлловига эга бўлсакда, жуда катта сондаги келишув жараёнларидан ўтдик. Бизнинг музейчиларимиз психологиясида ўрнашиб қолган кўрсатмалар “ким ва қандай чиқишидан” қатъий назар, улар фаолиятида устунлик қилмоқда. Наҳотки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг И.В. Савицкий номидаги музей коллекциясининг мисли кўрилмаган муваффақиятли тарзда ўтган кўчма кўргазмасини Москвада ташкил этиш борасидаги ташаббуси бизнинг барча музей ва кутубхоналар учун сигнал вазифасини ўтамаган бўлса? Биздаги Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳузуридаги шарқ қўлёзмалари марказига кириб кўришга ва медиа лойиҳа ёки жиддий тадқиқот қилишга бир уриниб кўринг.Ўша ерда ҳам махсус рухсатномалар керак, уларни олиш қанчалар мураккаб-а!

«Ўзбекистон маданий мероси» лойиҳаси доирасида мана бир йилдирки Ўзбекистон давлат санъат музейи билан ишлаяпмиз. Москвадан фотосуратчи таклиф этдик. Нима бўлди дерсиз? Бизга музейнинг ўзида очиқ тарзда намойиш этилаётган тарихий буюмларнигина суратга олишга рухсат беришди. Ахир бундай альбомнинг жамоатчиликка қизиғи борми? Фондларимизни нега матбуот учун очишмайди? Ахир, бу нафақат мамлакат учун пиар ҳисобланади, балки бутун бир даромад тури-ку!

- Лойиҳангиз доирасида ўнта альбом чиқарилди ва нашрга яна шунчаси тайёрланмоқда. Айтингчи, мазкур масалада хорижий музейлар билан олиб борилаётган ишлар қандай?

- Хорижий музей ва кутубхоналар нафақат ҳамкорликка очиқ, балки ўз коллекция тўпламларидаги ёки бизнинг маданий меросимизга оид алоҳида буюмлар билан фахрланишади ва қадрлашади. Масалан, шу йилнинг июнида Санкт-Петербургда бўлиб ўтган “Ўзбекистон маданий мероси халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги кўприк” деб номланган конгресс кунларида 200 кишидан иборат улкан делегацияни Россия миллий кутубхонаси, Шарқ қўлёзмалари институти, Россия этнографик музейи, Дин музейига қўйишди.Мазкур музейлар фондларида бўлган бизнинг маданий меросимизга тегишли буюмлардан иборат махсус кўргазмалар ҳам уюштирилди. Бунга ишониш қийин, аммо ҳатто Эрмитаж ҳам ўз омборхонасини очди!

Бу, албатта, текинга очилгани йўқ –қоидалар шундай.Оддий сўз билан гапирганда, жаҳон музей ва кутубхоналари ўз коллекциялари орқали мана шундай йўл билан пул қилмоқда, бу улар учун нафақат даромад манбаи, балки чинакам пиар ҳамдир.

Нима учундир бизнинг музей ва кутубхоналар пиар қилиш, ўз фонд ва коллекцияларини оммалаштириш хохиши билан ёнмаяпти. Мана масалан, агар эртага И.В. Савицкий номидаги музей ёки бошқа йирик музейлар бутун дунёга ўз фондлари тадқиқотчилар учун очиқлигини эълон қилса, ишонаверинг, бизларга катта миқдордаги олимлар, тадқиқотчилар, санъатшунослар, журналистлар,медиачилар келади. Бу маданий ва илмий алмашинувнинг қудратли оқими бўлади, бундан энг аввало, мамлакатимиз, музей ва архивларнинг ўзи ютади. Фақат бизнинг тарихимиз ва маданиятимиз хазинасини ўрганиш ва ёритиш учун кириш имкониятини енгиллаштириш керак холос.

- Нима деб ўйлайсиз, бундай ҳамкорликдан музейлар даромад топиши мумкинми?

- Шубҳасиз. Биз, масалан, «Eriell» нефтсервис компаниясининг ҳомийлик кўмаги эвазига жаҳон музейларидаги экспонатларга кириб бориш учун пул тўлаймиз.Бу жаҳон илмий тажрибаси. Бизнинг шарқ қўлёзмалари маркази, И.В. Савицкий номидаги музей ёки бошқа музейлар буни бепул амалга ошириш керак деб айтмаяпти ҳеч ким.Аксинча, шу йўл билан музей ёки архив эҳтиёжи учун маблағ ишлаб олиш керак. Олинадиган катта даромад орқали бинони кенгайтириш, сақлаш шароитларини яхшилаш ва махсус анжомларни сотиб олиш мумкин. Нега бизнинг музейлар молиявий маблағни фақат давлатдан кутади? Давлат ажратиши керак деган қотма фикр миямизда ўрнашиб қолган… Ўзимизнинг кенг имкониятларимизни ўз музейларимиз молиявий аҳволини яхшилашга сарфласак бўлмайдими?Бу истеъмолчилик муносабати ва ундан қутулишимиз керак, чунки вақт келди, бир чеккада қўл қовуштириб ўтириш ярамайди. Яхши янгиликлар бор –Нукус музейи ҳақидаги фильм тақдимотида Ўзбекистон Бошвазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг чиқиши бизни қувонтирди, унда музейларга нафақат матбуот билан, балки халқаро стандартларга мувофиқишлаш учун янги имкониятлар ва молиявий механизмларни тақдим этадиган ҳукуматнинг махсус қарори тайёрланаётгани айтилди.АзизАбдухакимов тақдимотда иштирок этган барчани мазкур йўналишда ҳамкорликка қилишга чақирди. Ҳукуматнинг ушбу муҳим ҳужжатли чиқиши билан бизнинг музейларимиз фаолияти ва коллекциялари тўғрисида хабардор қилиш борасидаги вазият ўзгариши керак, бу эса мамлакатимизнинг бутун дунёга очиқлиги йўлидаги салмоқли қадамдир.

    Бошқа янгиликлар