Жорий йилнинг 25 сентябрь ҳолатига кўра, республикада 23 та оилавий меҳмон уйи рўйхатга олинди, дея хабар бермоқда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.
Мазкур оилавий меҳмон уйлари асосан Қашқадарё, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларида очилди ва натижада 50 дан ортиқ иш ўринлари яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги “Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши туризм фаолияти субъектларини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш, ҳудудларнинг туризм салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, дам олиш ва туризм учун шарт-шароитларни яхшилаш, шунингдек, аҳолининг бандлиги ва фаровонлигини оширишга қаратилган.
Ушбу қарорга мувофиқ якка тартибдаги тадбиркор томонидан очилган оилавий меҳмон уйи 3 нафаргача ходим ёллаши мумкин. Бугунги кунда мазкур оилавий меҳмон уйлари хорижий ва республикамизнинг бошқа вилоятларидан келаётган сайёҳлар ва меҳмонларни жойлаштириш учун хизмат қилмоқда.
Шунингдек, аҳоли томонидан ўз уйида оилавий меҳмон уйлари очишга қизиқиш тобора ортиб бормоқда ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, унинг ҳудудий бўлинмаларига оилавий меҳмон уйлари очиш масаласига оид 100 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушиб, улар билан тегишли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги “Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 631-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган йўриқномада оилавий меҳмон уйларини очиш тўғрисида батафсил маълумотлар берилган.
Унга кўра, оилавий меҳмон уйи фаолиятини амалга оширишнинг бир қанча шартлари мавжуд. Бунда яшаш учун қулай шароитлар: ободонлаштирилган ҳудуд, телефон алоқаси, кўрпа ва тўшаклар, табиий ва сунъий ёритиш воситалари, ўзбек, рус, инглиз тилларида оилавий меҳмон уйи номи туширилган маълумот тахтаси, ҳар бир меҳмон учун 3 метр квадратдан кам бўлмаган жой, санитар-гигеник ва хавфсизлик ва бошқа талабларига жавоб бериши лозим. Меҳмонхона хизматлари сифатини ошириш, туристларни кенгроқ жалб этиш учун шароитлар яратиш мақсадида имтиёзли кредитлар ҳам тақдим этилади.






