Тошкентдаги “Internatıonal Hotel Tashkent” меҳмонхонасида 27-28 сентябрь кунлари “Оилани мустаҳкамлаш ва ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда ўзини-ўзи бошқариш органларининг роли” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 11 октябрь куни Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказилган МДҲ Давлат раҳбарлари мажлисида билдирган таклифи асосида, Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ташқи ишлар вазирлиги, “Оила” илмий-амалий тадқиқотлар маркази, Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа бир қатор ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан ўтказилди.
Тадбирда мамлакатимиздаги тегишли вазирлик, идоралар, ташкилотлар, ўзини-ўзи бошқариш идоралари раҳбарлари, Афғонистон, Бельгия, Буюк Британия, Италия, Миср, Покистон, Россия, Озарбойжон, Корея, Ҳиндистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон сингари давлатлардан келган етакчи экспертлар, дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Ўзбекистон ҳудудида маҳаллалар Бронза даврида, бундан уч минг йиллар муқаддам шакллана бошлаган. Наршахий, Абу Райхон Беруний, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари буюк алломаларнинг асарларида ҳам юртимиз ҳудудидаги қадимги маҳаллалар ҳақида қимматли маълумотлар учрайди.
Маҳалла азалдан таълим-тарбия ўчоғи, ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб келаётган миллий қадриятлар маскани, халқимизнинг турмуш ва тафаккур тарзи сифатида эътироф этиб келинади. Одамлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик, хайр-саховат, бағрикенглик сингари фазилатлар авваламбор маҳалла муҳитида шаклланган.
Бугун Ўзбекистоннинг 33 миллионга яқин аҳолиси 8800 дан ортиқ маҳалла ҳудудида истиқомат қилиб келаётир.
Хорижий экспертлар ҳам ўз навбатида халқаро миқёсда ёш авлод тарбиясида фойдаланилаётган тажрибалар хусусида сўз юритдилар.
— Бугун ёш авлод тарбияси бутун дунёда катта аҳамият касб этади, - дейди Испаниянинг Сан-Пабло университети профессори Антонио Алонсо Маркос. – Бизнинг мамлакатимизда ҳам бошқа жойларда бўлгани каби ёшлар тарбиясида интернет, ижтимоий тармоқларнинг ўрни ўсиб бормоқда. Болаларни китоб ва бошқа босма нашрларга қайтариш устида бош қотирилмоқда. Юртингизда ёшлар ўртасида китобхонлик даражасини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ.
— Ўзбекистон чиндан ҳам ўзига хос тарих, маънавият, умуминсоний қадриятлар бешиги, – дейди Озарбойжон Республикаси Оила, аёл ва болалар масалалари давлат қўмитаси раиси ўринбосари Садоқат Қаҳрамонова. – Маҳаллалар Ўзбекистонда бошқарувининг муҳим бўғини ҳисобланаркан. Бизнинг мамлакатимизда маҳаллалар кўп. Аммо, улар шунчаки ҳудудидй бирлик ҳисобланади. Сиздаги маҳаллаларга берилган ваколатли вазифалар бизда баладия деб аталадиган органлар зиммасига юкланган. Умуман бу борада халқаро тажрибаларни ўрганиш, шу билан бирга Ўзбекистон тажрибасини кенг миқёсда оммалаштириш катта аҳамиятга эга.
Тадбир иштирокчилари анжуман доирасида Тошкент шаҳридаги тарихий обидалар, қадимги маҳаллалар, таълим-тарбия муассасалари фаолияти билан танишдилар.






