АсосийJamiyat

Болаларнинг севимли шоираси 60 ёшда

'Болаларнинг севимли шоираси 60 ёшда'ning rasmi

2018 йил сентябрь ойининг 27 санасида Тошкент Педиатрия тиббиёт институтининг “Маънавият ва маърифат” залида филология фанлари номзоди, олима, педагог, публицист, драматург, киносценарист, таржимон ва таниқли болалар шоираси Кавсар Турдиеванинг 60 йиллигига бағишлаб тантанали юбилей маросими бўлиб ўтди.

Ушбу юбилей маросимида Тошкент Педиатрия тиббиёт институти ходимлари ва талабалари, “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи вакиллари, шоир ва ёзувчилар, болалар даврий нашрлари муҳаррирлари иштирок этишди.

Дастлаб сўзга чиққан Тошкент Педиатрия тиббиёт институти ректори Ботир Султонов болаларнинг севимли шоираси бўлмиш Кавсар Турдиеванинг 37 йиллик ҳалол меҳнатини эътироф этиб, у кишининг болалар адабиёти учун қўшган ҳиссалари таъкидлаб ўтдилар.

Шундан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минхожиддин Мирзо сўз олиб, шоира ва таржимон Кавсар Турдиевани қутлуғ 60 ёшлари билан муборакбод этдилар ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фахрий ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо совғалари топшириб, ўзининг дилбар шеъри билан тадбир меҳмонларини ҳушнуд этди.

Шунингдек, тадбир давомида болалар нашрлари таҳририяти ходимлари ҳам кавсар Турдиевани табриклади ҳамда ўзига хос концерт дастури ўтказилди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, шу йили “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида Кавсар Турдиеванинг болаларга атаб битган сўнгги йиллардаги ажойиб туҳфаси “Беғубор жилвалар” назмий тўплами нашр этилди.

Қолаверса, шу кунларда Кавсар Турдиева томонидан ўзбекчалаштирилган Корней Чувовскийнинг “Дўхтир Войжоним” тўплами чоп этиш арафасида турибди.

Маълумот ўрнида: Кавсар Турдиева Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ташкиллаштирилган “Энг улуғ, энг азиз!” танловининг 2009 йилдаги ғолибаси бўлган. Ватанга бағишланган қўшиғи эса 2010 йилда “Ягонасан муқаддас ватан!” танловида иккинчи ўринни эгаллаган. 2010 йил якунлари бўйича “Болаларнинг севимли шоираси” дея эътироф этилган.

ЎзМАА “Ўзбекистон” НМИУ

Матбуот хизмати

Бошқа янгиликлар