Мактабларда таъмирлаш ишлари, коммунал тўловлар, жиҳозлаш ва тозалаш ишлари давлат томонидан бепул амалга оширилади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида "Давлат умумий ўрта таълим мактабларида (давлат таъминоти асосида) бепул ва пуллик асосда ташкил этиладиган хизматлар рўйхатларини тасдиқлаш тўғрисида"ги ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Унга кўра, умумий ўрта таълим мактабларида қуйидаги хизматлар ўқувчилар, ота-оналар ва ходимлардан пул ундирилмасдан давлат таъминоти асосида бепул амалга оширилади:
― умумий ўрта таълим муассасасига коммунал хизматлар кўрсатиш;
― бино ва иншоотларни жорий ва капитал таъмирлаш хизматлари;
― умумий ўрта таълим муассасаси хоналарини мебель, жиҳоз ва бошқа ўқув анжомлари билан таъминлаш;
― бино ва иншоотларни тозалаш хизматлари.
Ушбу қарор ҳали лойиҳа бўлиб, у ўзгариши, тасдиқланиши ва рад этилиши ҳам мумкин.






