АсосийJamiyat

Ўзбекистон ноширлари – Франкфурт китоб кўргазмасида

'Ўзбекистон ноширлари – Франкфурт китоб кўргазмасида'ning rasmi

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ходимлари ҳамда Агентлик тизимидаги нашриётлар мутахассислари 10–14 октябрь кунлари Франкфурт шаҳрида бўлиб ўтадиган йирик китоб кўргазмасида қатнашиш учун Германияга жўнаб кетишди.

Frankfurter Buchmesse, яъни Франкфурт китоб кўргазмаси – дунёдаги энг катта китоб кўргазмасидир. Ушбу кўргазма ҳар йили Франкфуртда октябр ойи ўрталарида бўлиб ўтади. Бу ерда китоб оламидаги сўнгги янгиликлар билан танишиш, ноширлик бозорининг йўналишларини ўрганиш мумкин.

Франкфурт китоб ярмаркаси – мутахассислар анжуманидир. Мутахассислар бу ерга бошқа қитъадаги китоб маҳсулотларини тарқатувчилари билан алоқа ўрнатиш, машҳур матнларни нашр этиш ҳуқуқини олиш, типография янгиликлари билан танишиш учун келади. Аммо-лекин оддий адабиёт ихлосманди ҳам бу ерда ўзи учун бир олам таассурот олиши турган гап.

Кўргазмада китоблар, журналлар, газеталар ва бошқа босма ва даврий нашрлар, атласлар ва хариталар, электрон ахборот воситалари, тақвимлар, комикслар, санъат воситалари тақдим этилади, кутубхоначилик иши ёритилади.

Франкф кўргазмасида ноширлар, агентлар, сотувчилар, ёзувчилар, таржимонлар, рассомлар, иллюстраторлар, кутубхона вакиллари, институтлар ва бошқа мутахассисларни учратиш мумкин. Кўргазма билан бир қаторда «Frankfurter Buchmesse» доирасида семинарлар, давра суҳбатлари, концертлар ва бошқа маданий тадбирлар ташкил этилади.

Анъанага кўра, кўргазмага ташриф буюрган мамлакатлардан бири ҳурматли меҳмон сифатида иштирок этади. 2009 йилда Хитой, 2010 йилда Аргентина, 2011 йилда Исландия, 2012 йилда Янги Зеландия, 2013 йилда Бразилия, 2016 йилда Истанбул, 2017 йилда эса Франция мамлакати ҳурматли бўлган эди. 2018 йил Франкфурт китоб кўргазмасининг ҳурматли меҳмон мамлакати – Грузия бўлиши кутилмоқда.

2011 йил ярмаркасида 106 мамлакатдан 7384 иштирокчи ва 280194 нафар меҳмон ташриф буюрган бўлса, 2012 йилда 281 753 киши қатнашган. 2013 йилда эса 276 минг нафар меҳмон рўйхатдан ўтган.

Франкфурт китоб кўргазмасининг тарихи 500 йилдан зиёд вақтни ташкил этади ва унинг асосчиси сифатида Франкфурт ёнидаги Майнцда яшаб ўтган биринчи китоб ношири Иоганн Гуттенберг эътироф этилади.

Ўзбекистон вакиллари ҳам ушбу йирик китоб кўргазмасида муносиб қатнашиб, катта натижалар ила эътироф этилишларини кутиб қоламиз.

ЎзМАА “Ўзбекистон” НМИУ Матубот хизмати

    Бошқа янгиликлар