1

​Қўлдаги пигмент доғлар ва уларга қарши 10 чора

СУҒДИЁНА 09.10.2018, 10:52
​Қўлдаги пигмент доғлар ва уларга қарши 10 чора

Ёшга доир ўзгаришлардан бири – бу қўл терисидаги доғлар. Улар сарғиш, оч ёки тўқ жигарранг, баъзида эса кулранг тусда бўлади. Доғларнинг пайдо бўлиши бир қанча омилларга боғлиқ, улар: қуёш нури таъсири, жигардаги токсинлар, нотўғри овқатланиш ва эркин радикаллар шаклланишига олиб келувчи ҳолатлардир.

Қўл терисидаги доғларга қарши қиммат кремлардан фойдаланиш мумкин, албатта. Бироқ бундан аввал уй шароитида қўллаш мумкин бўлган усулларни синаб кўрган маъқул. Табиий воситалардан тайёрланадиган рецептлар ҳам худди оқартирувчи кремлар каби яхши натижа беради.

Лимон шарбати

Бу цитрус мевада антиоксидантлар кўп ва айни хусусияти билан у терини оқартирувчи кремлар таркибидан жой олган. Уй шароитида битта лимон сувини сиқиб, доғ пайдо бўлган тери юзасига суртиш кифоя. Муолажа бир кунда 2 маҳал бажарилади. Давомийлиги 6 ҳафта.

Пиёз ва олма сиркаси

Битта пиёз шарбати озроқ олма сиркаси билан аралаштирилади. Тайёр аралашма пахта билан доғлар устига суртиб чиқилади. Натижа 6 ойда билинади.

Канакунжут мойи

Агар доғлар дағал бўлса, маълум вақт давомида канакунжут мойидан фойдаланиш тавсия этилади. Мунтазам қўлланганида канакунжут тери юзасини силлиқлайди.

Алоэ

Бу ўсимлик дермотологияда кенг қўлланади. Алоэ суви доғлар устига суртилса, улар тезда йўқ бўлади. Шунингдек, алоэ тери эпидермис қаватидаги нобуд бўлган тўқималарнинг осон ажралишини ҳам таъминлайди.

Ерқалампир (хрен)

Озроқ ерқалампирни сут билан аралаштириб, ярим соат тиндириш керак. Сўнг теридаги доғ устига суртиш мумкин бўлади. Ерқалампир антиоксидант ва учувчи бирикмалардан ташкил топган бўлиб, ёшга доир ўзгариш туфайли келиб чиққан доғларни кетказишга ёрдам беради.

Зайтун мойи ва сирка

1 ош қошиқ зайтун мойига ярим ош қошиқ олма сиркасини қўшиб, доғ юзасига суртинг. 30 дақиқадан кейин, қўлларни илиқ сувда чайиб олиш керак.

Папайя

Парракланган хом папая меваси доғ устига қўйилади ва бир неча дақиқа ўтиб, ювиб ташланади. Агар муолажа ҳар кун қилинса, натижа максимал даражада намоён бўлади.

Қаймоқ ва помидор шарбати

Тенг миқдорда бу икки маҳсулотни аралаштириб, терига чуқур сингийдиган суртма сифатида қўллаш фойда беради.

Тарвуз

У антиоксидант бирикмалар ва С витаминига бой бўлиб, пигмент доғларни очартиришга кўмак беради. Бунинг учун тарвуз пўстлоғини доғ устига суртиб қўйиш кифоя.

Зира

Бир сиқим зира сувда қайнатилиб, совутилгач, юз-қўллар чайилса доғлар аста-секин йўқолади. Зирали сув билан қўл чайилгач, ярим соат сув тегмаслиги керак. Сўнг илиқ сувда ювиб ташланади. Муолажа кунора бажарилса, натижаси сезилади.

Қирғичдан чиқарилган саримсоқпиёз, пиёз ва бодрингни терига суртиб туриш ҳам ёшга доир доғларни кетказишда қўл келади.

Ёдда тутинг, доғларни кетказиш учун узоқ вақт талаб этилади. Муолажаларни канда қилмасангизгина кутилган натижага эриша оласиз.

Ширин Сиддиқхўжаева тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1