АсосийJamiyat

Ўзбекистонда илк бора жинси кийимлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

Бир неча ҳафтадан сўнг Ўзбекистон бозорларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулоти бўлган жинси шимлар савдога чиқади, дея хабар бермоқда Podrobno.uz. Бу борада Самарқанддаги B.S.H Group корхонаси биринчи бўлади, деб ёзади Daryo.uz.

Тошкентда 13 октябрь куни очилган Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасида ўз маҳсулотларини намойиш этган ушбу компания бош директори Исмат Омонов сўзларига кўра, жинси мато Туркия ва Ҳиндистондан келтирилади, кийимлар эса Самарқанднинг ўзида тикилади.

Айни пайтда ишлаб чиқариш қуввати 8 соатлик сменада 1,5-1,8 мингта шимга тенг. Йил охиригача ушбу кўрсаткични бир сменада 5 мингтагача етказиш режалаштирилган. Ишлаб чиқаришга жами 3 миллион доллар сармоя киритилган.

Бугунги кунда 200 нафар ходимга эга бўлган корхона эркаклар, аёллар, болалар жинси шимлари, курткалар, юбкалар, комбинезонлар ва бошқаларни ишлаб чиқаради. Компания вакиллари айтишича, нархлар 40-70 минг сўм атрофида бўлади.

    Бошқа янгиликлар