Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бошчилигидаги делегация Қозоғистон Республикасининг Тараз шаҳрида ўтказилган “Aspara Fashion Week” халқаро мода ҳафталигида иштирок этди.
Мазкур ташриф Қўмита ҳамда Қозоғистон Республикасининг Аёллар ва оилавий демография сиёсати миллий комиссияси ўртасида имзоланган англашинув Меморандумида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилди.
Мода ҳафталигида ўзбекистонлик дизайнерларининг миллий либослар намойиши АҚШ, Италия, Буюк Британия, Франция, Туркия, Сербия, Россия, Ҳиндистон, Грузия, Хитой, Голландия ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган машҳур дизайнерлар томонидан қизиқиш билан кутиб олинди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Қозоғистон Республикаси "АТАМЕКЕН" тадбиркорлар палатаси ҳудудий бўлими va "Қозоғистон тадбиркор аёллар ассоциацияси" Республика нодавлат жамоат ташкилоти раҳбарлари билан давра суҳбати ташкил этилди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Аёллар ва оилавий демография сиёсати миллий комиссияси ўртасидаги англашинув меморандуми доирасида қўмита таъсисчилигида ташкил этилган “Nafis Travel” МЧЖ билан Қозоғистон Республикаси Жамбыл вилояти “Ички ва ташқи туризм ассоциацияси” ҳамда “Жамбыл Туризм саноати ассоциацияси” ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

“Aspara Fashion Week” халқаро мода ҳафталигини 2019 йилда Тошкент шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.






