АсосийShou-biznes

Улуғбек Раҳматуллаев: “Ўзимга ўзим ёқмайман!”

'Улуғбек Раҳматуллаев: “Ўзимга ўзим ёқмайман!”'ning rasmi

“Севимли” телеканалининг “Хайрли оқшом” кўрсатувига ташриф буюрган хонанда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Улуғбек Раҳматуллаев ўз ҳаёти ва ижоди ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди.

“Ҳозир илк ижодим намуналаримни томоша қилсам, ўзимни кўргим келмайди. Жуда ажойиб услубда бўлганман (кулиб), сочларим жингалак, қарашларимни кузатсам, ўша пайтда нимани ўйлаган эканман, деган хаёлга бораман. Бироқ ўтмишимга назар солсам, қийинчиликларга учраганим, инсонларнинг менга ишонмаганлари эсимга тушади. Лекин ҳозир ҳамма синовлардан ўтганимга шукр қиламан.

Йиллар отамга ўхшаб бораётганимни сезишимга ёрдам беряпти. Отамнинг суратларига қарасам, уларда ўзига хос ҳатти-ҳаракат, сифатларни кўраман. Менда ҳам бу ўхшашликлар борган сари сезилмоқда, ўтиришим, кўз қарашиларимга эътибор берсам, отамга ўхшаб қолибман дейман. Ҳаттоки бугунги кунда сочларимда оқ толалар ҳам кўриниб қолибди. Буни кўрган отам “Табриклайман, ўғлим сочингизга оқ тушибди”, дедилар. Мен падари бузрукворимнинг бу сўзларидан илҳомланиб, “Ота” таронасини ижро этдим.

15-20 йиллаб фарзанд кўрмаган оилалар хизматига бориб қолсак, «Чақалоқлар» таронам янграши билан уларнинг ўзларини тутишларини кўрсангиз эди. Бутун хонадон эгалари уларга қўшилиб кўз ёш тўкишади. Баъзан ортимга қарасам, созандаларим ҳам йиғлаётган пайтлар бўлади. Балким йиллар ўтиб, мени ҳеч ким эсламас, аммо инсонларнинг дил тубига етиб борган бу қўшиғимнинг умри боқийдир. Ижодкор ўлдим-куйдимдан ташқари ҳаётий мавзуда ҳам қўшиқ куйлаши, уни эшитган одамнинг яшашга иштиёқи ошиши, қалби қувончга тўлиши лозим, деб ҳисоблайман”.

    Бошқа янгиликлар