1

Ҳамюртимиз халқаро тасвирий санъат кўргазмаси ғолиби

ЖАМИЯТ 15.10.2014, 17:49
Ҳамюртимиз халқаро тасвирий санъат кўргазмаси ғолиби

Португалия пойтахти – Лиссабон шаҳрида бўлиб ўтган «Вера – 2014» халқаро тасвирий санъат кўргазмасида Бухоро вилоятининг Ғиждувон кулолчилик мактаби вакили Алишер Нарзуллаев бош мукофот – Гран-прига сазовор бўлди. Бу ҳақида uza.uz хабар беради.
Саккизинчи бор ўтказилган кўргазмада Ўзбекистон, Германия, Франция, Чехия, Исроил, Озарбайжон, Россия, Эрон ва бошқа давлатлардан 100 га яқин ҳунарманд амалий безак санъати, рангтасвир, ҳайкалтарошлик ва архитектура каби йўналишлар бўйича ўз ижод намуналарини намойиш этди.
Бухоролик таниқли кулол Алишер Нарзуллаевнинг товоқ, кўза, пиёла, коса ва бошқа жиҳозлари  ҳакамлар ҳайъати томонидан юксак баҳоланди ва унга бош мукофот – Гран-прини беришга қарор қилинди.
Алишер Нарзуллаев – сополсозликда ўз йўли ва услубини яратган ҳунарманд. Президент соврини учун ўтказиб келинаётган “Ташаббус” кўрик-танлови ғолиби. “Ўзбекистон Республикаси халқ устаси” фахрий унвони билан тақдирланган.
Япония, АҚШ, Франция, Германия ва бошқа мамлакатларда ўтказилган нуфузли кўргазмаларда ўз асарлари билан иштирок этиб, мунтазам совриндорлар қаторидан жой олган. Лиссабонда қўлга киритилган Гран-при унинг навбатдаги муваффақиятидир.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1