Kun.uz: Тошкент АЁҚШларида яна бензинга навбатлар пайдо бўла бошлади

ЖАМИЯТ 16.10.2014, 14:26
Kun.uz: Тошкент АЁҚШларида яна бензинга навбатлар пайдо бўла бошлади

Тошкент шаҳридаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида яна узун навбатлар пайдо бўлиши бошланди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчилари хабар беришмоқда, узун навбатларнинг суратларини интернетга жойлаштиришмоқда.

Твиттер фойдаланувчиларнинг ёзишларича, шаҳар АЁҚШларида кун ёришмасидан навбатлар пайдо бўлмоқда.

Хусусан, Қоратошдаги Intran Servis’даги бензинга навбат «Жар» стадиони қўшимча майдонидаги таблога қадар, Эшонгузардаги UzGazOil’да эса навбат Бунёдкор шоҳ кўчасига қадар чўзилган.

Фейсбукдаги «Водители Ташкента» гуруҳидаги фойдаланувчиси эса шаҳардаги UzGazOil АЁҚШларидан бирида бензинга навбати етиб келиши учун бир соатдан ортиқроқ кутиб турганини маълум қилган.

Маълумот учун, 2013 йилнинг октябрь ойида ҳам Тошкент шаҳрида бензин тақчиллиги ва АЁҚШларда катта навбатлар кузатилган эди.

Ўшанда «Ўзнефтмаҳсулот» компаниясидаги манбалар бунга «бензин нархи ошиши ҳақидаги асоссиз миш-мишлар» ва «газ ёнилғисида ҳаракатланувчи вилоятларга қатновчи автомобилларнинг аксарияти бензин бакларини тўлдириб, вилоятларга олиб бориб, бензинни қиммат нархда сотишга уриниши»ни сабаб қилиб кўрсатган эди.

Қайд этиш жоиз, 2014 йилнинг августида шаҳар АЁҚШларида навбатлар пайдо бўлганида, «Ўзнефтмаҳсулот» баёнот бериб, «Ўзбекистонда ёнилғи-мой маҳсулотлари билан муаммо йўқ»лигини, «айни дамда аҳолининг автобензинга бўлган эҳтиёжини тўлиқ ва тўхтовсиз қондириш бўйича барча керакли чоралар амалга оширилаётганини» маълум қилганди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1